Маълумки, икки йил муқаддам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарори чиқди. Ушбу қарор билан “Дафн этиш ва дафн ишини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги ҳамда “Дафн этиш жойларини сақлаш ва ободонлаштиришга юридик ва жисмоний шахсларнинг хайр-эҳсонларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низомлар тасдиқланди.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатларда қабристонларни ободонлаштириш, қабрларни сақлаш, кўчириш, ёдгорликлар ўрнатиш, умуман, дафн этиш борасидаги қатор масалалар тартибга солинган. Қайд этилган қонун, унинг ижросига оид ҳукуматимиз қарори ва унга асосан тасдиқланган низомлар халқимизнинг миллий урф-одатлари, муқаддас динимиз аҳкомлари доирасида ишлаб чиқилгани билан аҳамиятлидир.

Ислом динига кўра ҳам дафн қилишдан мақсад вафот этган одамни ерга кўмиш билан эъзозлаш, кўмилмасдан хор бўлишининг олдини олишдан иборат. Шунингдек, динимиз мурда ҳиди ташқарига чиқмайдиган ва йиртқич ҳайвонлар қабрни очмайдиган тарзда дафн этишга буюради.

Қабристонлар аҳоли яшайдиган жойлардан четроқда бўлиши афзал экани маълум. Бу ҳол Низомда қуйидагича ифода этилади: “Янги қабристонларни аҳоли яшайдиган ҳудудлардан ташқарида, асосан аҳоли пунктидан четда, турар жойлар, жамоат бинолари ва дам олиш зонасидан анча нарида жойлаштириш керак”.

Низомда белгиланган қуйидаги тартиб ҳам эътиборга молик: “Қабристонларда маросим ва удумларни ўтказиш учун алоҳида майдончалар ёки бостирмалар қабристонга кириш эшиги яқинида, катта қабристонларда эса дафн этиш секторлари яқинида бўлиши лозим. Дафн этиш жойларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маросим ва дуойи фотиҳа удумлари учун иншоотлар барпо этилиши мумкин”. Бу тартиб Ислом динининг қабрлар устида ўтириб дуо қилишдан қайтаришига мос тушади.

Динимиздаги яна бир талаб – қабрларни оёқости қилмасликдир. Бунинг учун қабристон атрофи ўралган бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Низомда айни масала аниқ белгилангани билан эътиборли: “Қабристоннинг бутун ҳудуди ўралган бўлиши ..., баландлиги 2 метрдан паст бўлмаган, мустаҳкам тўсиққа (деворга) эга бўлиши керак”.

Шунингдек, динимиз қабристонда қаттиқ овозда кулиш, овқат ейиш, қабрлар устига олов ёқиш, қабрларни босиб юришдан қайтаради. Низомда ҳам: “Қабристон ҳудудида жамоат тартибини ва сокинликни бузиш, маст-аласт, гиёҳвандлик ҳолатида бўлиш, қабр усти ёдгорликларига ва яшил ўсимликларга шикаст етказиш, шунингдек, қуруқ ўт ва дарахтларнинг шохларини ёқиш, мол ва бошқа уй ҳайвонларини боқиш, мевали кўчатлар ўтқазиш, қишлоқ хўжалик экинлари ўстириш тақиқланади”, дейилади.

Шу ўринда мавзуга алоқадор яна бир тартибни ёдга олиш жоиз. Қабрни таҳқирлаш – катта гуноҳ экани маълум. Айни шундай ҳаракат учун эса қонунда маъмурий, ҳатто жиноий жавобгарликка тортилишгача жазолар белгиланган.

Дафн маросимига йиғилган кишилар ғамгин ҳолатда бўлишлари табиий. Маросим иштирокчиларининг тобутни қирқ қадам кўтариши савоб амаллардан ҳисобланади. Дафн пайтида қабр тепасида барча тик турмай, хизмат қиладиганлардан ташқари кишилар ўтиришлари афзал бўлади. Марҳум қўйилган лаҳад оғзи хом ғиштлар билан беркитилиши лозим. Уни пишиқ ғишт, тахта ва темир билан беркитиш макруҳ ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарор ва Низом дафн этишга тегишли ишларни тартибга солиш ва шу ишга тааллуқли бўлган жойларни ободонлаштириш йўлида хизмат қилади.

Раҳматтило УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили