Юртимиз ривожланган давлатлар қаторида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлди. Хорижий сайёҳлар, ишбилармон вакиллар ташриф буюриб, нуфузли халқаро анжуманлар ўтказилмоқда. Хусусан, Тошкент олий даражадаги учрашувлар, тинчлик ва дўстлик анжуманлари, халқаро саммитларга мезбонлик қилиш борасида дунёдаги энг машҳур шаҳарлар қаторидан жой олди.

“Ўзбектуризм” миллий компаниясидан маълум қилишларича, бугунги кунда юртимизда 865 сайёҳлик ташкилоти, жумладан, 374 меҳмонхона фаолият юритмоқда.

 Истиқлолгача юртимизда бирорта ҳам беш юлдузли меҳмонхона бўлмаган. Бугунги кунда биргина Тошкент шаҳрида халқаро стандартлар асосидаги мувофиқлик сертификатига эга қирқдан зиёд меҳмонхона мавжуд. Уларнинг кўпчилиги тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналардир. Шарқ ва Ғарб меъморлик анъанасини ўзида мужассам этган, Марказий Осиё минтақасида энг мураккаб меъморий ечимга эга бинолардан бири “Ўзбекистон” меҳмонхонасидир. Бу тўрт юлдузли меҳмонхона 263 ўринга мўлжалланган.

 “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг маълумотларига кўра, 2015 йили пойтахтимизда яна бир янги – Hyatt Regency меҳмонхонаси ўз ишини бошлайди. АҚШнинг Hyatt Hotels Corporation компанияси билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ўртасида имзоланган битимга мувофиқ барпо этилаётган мазкур меҳмонхона 300 ўринга мўлжалланган.