Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

 

Муборак Қурбон ҳайитининг халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, миллий-диний қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний байрам – Қурбон ҳайитини дам олиш куни деб эълон қилиш ҳақидаги” 1991 йил 20 июндаги ПФ-221-сон Фармонига мувофиқ:

 1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 15 октябр сешанба кунига тўғри келиши ҳақидаги мурожаатини инобатга олиб, 2013 йил 15 октябр дам олиш куни деб белгилансин ва мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонлансин.

2. Республика “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари ва бошқа барча мутасадди идора, жамоат ташкилотлари Қурбон ҳайитининг жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширсин.

 3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                        И.Каримов

 

Тошкент шаҳри, 2013 йил 8 октябр