“Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот, 13).

Азал-азалдан инсоният қабила, элат, жамоа бўлиб яшайди. Вақт ўтиб, табиий, ижтимоий ҳодисалар, тараққиёт таъсирида қавмлару бутун бошли халқларнинг манзил-макони, турмуш тарзи ўзгариши мумкин. Бироқ ҳар қандай шароитда ҳам, ўзини ҳурмат қилган халқ ўзлигини, қадриятларини сақлаб қолади.

“Шу ўзбекларнинг “маҳалла” деган тушунчалари ўзига хос бир жамият, лекин менга ёқмаган бир тарафи бор – маҳаллаларда ҳамма бир-бирининг ишига аралашаверар экан, уйингга ким кириб-чиқяпти, қаерга борасан, кимлар билан дўстлашасан – барчасининг ҳисобини сўрашаркан”, мулоҳаза билдирди юртимиз ҳаёти билан танишган бир ажнабий. Албатта, бизнинг унга айтар сўзимиз бор.

Ўрта Осиёда маҳалла азалдан яхлит ҳудудий бирлик ҳисобланган. Одамлар ҳаётининг фаровон бўлишида, тинчлик-тотувликни таъминлашда, ўзаро ишонч, меҳр-оқибат тушунчаларини шакллантиришда Ғарб диёрларида учрамайдиган ушбу маконнинг ўрни катта. Маҳалладаги қўни-қўшнилар юз йиллар давомида шаклланган ички тартиб-қоидалар, ахлоқий меъёрлар, урф-одатлар, анъаналар билан ҳам ўзаро боғлангандир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам умматларини доим жамоа бўлишга чақирганлар. Ҳар бир жамоа муносиб, ишонган аъзосини бошлиқ қилиб сайлаши зарурлигини уқтирганлар. Ҳатто, икки инсон сафарга чиқса, улардан бири бош бўлиб, бошқаси унга бўйсуниши кераклиги ҳам муқаддас динимиз таълимотларидандир.

Ўзбек маҳаллалари азалдан чинакам миллий қадриятлар маскани бўлиб келган. Ўзаро меҳр-оқибат кўрсатиш, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, етим-есирларнинг бошини силаш, тўй-томоша, ҳашар ва маъракаларни кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиш, яхши-ёмон кунда елкадош бўлиш каби халқимизга хос урф-одат, анъаналар аввало маҳалла муҳитида шаклланган ва ривожланган. Мустақиллик йилларида маҳалла ҳаёти билан боғлиқ кўплаб қадриятлар, удум ва анъаналаримиз қайта тикланиб, замон талаблари асосида бойитиб борилмоқда, ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилган маҳалла бугун ўзини-ўзи бошқариш идораси, ҳақиқий демократия дарсхонаси сифатида кенг кўламли фаолият олиб бормоқда. Давлатчилигимиз тарихида биринчи марта “маҳалла” тушунчаси мамлакатимиз Конституциясига киритилиб, унинг жамият бошқарувидаги ўрни ва мақоми қатъий белгилаб қўйилди.

Маҳалла кишилар, оила руҳий дунёсининг шаклланишига ўта эҳтиёткорлик билан таъсир ўтказади, бу борада унга тенг келадиган бошқа бирон халқчил бошқарув органи мавжуд эмас. Дейлик, муҳтожларга кўмаклашиш ижтимоий ёрдамнинг энг содда, аммо самарали ва очиқ воситаси сифатида маҳаллада шаклланган.

Маҳаллада ижтимоий тенглик тамойиллари ёрқин намоён бўлади. Унда яшаётган ҳукумат аъзоси ҳам, бадавлат тижоратчи ҳам, фаррош ё оддий ўқитувчи ҳам бирдек маҳалладошлик ҳуқуқига эга. Инсонларнинг даражаси фақат ахлоқий сифатлари билангина фарқланади. Ана шу хусусиятлари билан маҳалла ўз-ўзини бошқариш тузилмаси сифатида оиладан фуқаролик жамиятига ўтишда кўприк бўлиб хизмат қилади. Бизнинг маҳалла, қўни-қўшни, қавму қариндошчилик билан боғлиқ юксак қадриятларимиз муқаддас динимиз таълимотлари билан боғлиқ.

Ҳасан Басрийдан сўрадилар:

– Бир кишидан ёмон кўрадиган одами ҳожатини раво қилишни илтимос қилинди. Ҳалиги киши уялганидан унга сўраган нарсасини берди. Киши мана шу амали учун ажр оладими?

– Бу эзгу ишлар таркибига киради. Эзгуликда эса албатта ажр бўлади! – деб жавоб берди улуғ тобеин (Ҳамид ибн Занжавайҳ ривояти).

Ибн Сийрийндан сўрашди:

– Бир киши жаноза ортидан Аллоҳ ҳузуридаги ажру мукофотни ўйлаб эмас, балки марҳумнинг яқинларидан уялиб эргашади. Киши шу иши учун ажр оладими?

– У бир эмас, икки ажрга эга бўлади, – деб жавоб берди Ибн Сийрийн. – Биродарининг жаноза намозида қатнашгани учун биринчи, маҳалла-қавм билан алоқасини узмагани учун иккинчи ажрга эга бўлади (Абу Нуайм ривояти).

Болалик пайтларимизда бобомизга эргашиб, қўлларини ушлаб маҳаллани айланардик, касаллар, қарияларни зиёрат қилиб чиқардик. “Бобо, шунча одамни қаердан танийсиз?” деганимизда, “инсон инсон билан тирик, бир-бири билан доимо мулоқотда бўлиши, ҳолидан хабар олиб туриши лозим”, деб жавоб берардилар.

Бир куни маҳалламиз кўчасида икки-уч ёшлар чамаси боланинг йиғлагани эшитилди. Зумда одам тўпланди. Йиғилганлардан бири болани овутиб: “Дадангнинг исми нима, онанг ким?” деб сўроқ қила бошлади. Қўрқиб кетган болакай ота-онасининг исмидан бошқа ҳеч нима айта олмади. Ҳалиги киши маҳалладошларини бир-бир хаёлидан ўтказиб, бу уч кўча нарида турадиган хонадоннинг фарзанди эканини айтди ва ўзини қаёққа уришни билмай турган ота-онанинг қўлига болани топширди. Ана сизга маҳалланинг ўрни, ана сизга бефарқликдан йироқ қўни-қўшничиликнинг хосияти.

Ўзбекистон дунёдаги энг тинч юртлардан ҳисобланади. Бу бебаҳо неъматга эришишда маҳалланинг ўрни жуда катта. Хонадонлардан бирида келишмовчилик юзага келса, маҳалла оқсоқоллари бу можарони тез, чиройли йўл билан ҳал қиладилар, маҳалладошларини яраштириб, муросага келтириб қўядилар. “Менинг ишимга аралашишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ”, деган қарашлар, ғарбча шахсиятпарастлик ўзбек халқига ёт.

Хуллас, маҳаллаларимиз ободлиги юртимиз ободлигидир ва буни дунё ҳам эътироф этмоқда.

Дилдора Кенжабоева,

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта-махсус Ислом билим юрти мударрисаси