Истиқлолдан сўнг қисқа вақт мобайнида юртимизда улкан ишлар амалга оширилдики, уларнинг замирида инсон манфаати, юрт тараққиёти, аҳоли турмуш фаровонлиги мужассам.

Албатта, эришилган ютуқларнинг ҳар бири ҳақида узоқ гапириш мумкин. Биз эса оила фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган хайрли ишлар хусусида мухтасар фикр юритиш билан чекланамиз. Зеро, оила – жамиятнинг кичик бўлаги. Унинг фаровонлиги жамият тараққиёти билан чамбарчас боғлиқдир. Шу боис юртимизда оилалар аҳил ва фаровон яшашлари, фуқаролар саломатлиги муҳофазаси учун барча имконият ва имтиёзлар, ҳуқуқий асослар яратилган. Зотан, оилада хотиржамлик бўлсагина кўзланган мақсад, орзу-ҳаваслар амалга ошади. Хонадони тинч, кўнгли хотиржам инсонда фарзандларининг таълим-тарбияси билан шуғулланиш имконияти бўлади. Шу нуқтаи назардан, келажак авлодни асраб-авайлаш, маънавий ва жисмоний камолоти учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиб, айниқса, уларнинг қалбини бидъат, турли ёт ва зарарли ғоялардан ҳимоя қилиш ҳам юрт тинчлиги учун курашнинг узвий қисми саналади.

Юрт тинчлиги Ватан озодлиги ва истиқлоли билан бевосита боғлиқ. Президентимиз таъкидлаганларидек, “Агар биз аҳил бўлсак, эл-юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, ўзимиздан сотқин чиқмаса, ўзбек халқини ҳеч ким ҳеч қачон енга олмайди”. Бундан англашиладики, ҳар бир инсоннинг ўз ишини сидқидилдан амалга ошириши, атрофида бўлаётган воқеаларга теран нигоҳ билан қараб, ҳушёр ва огоҳ яшаши тинчлик-осойишталикни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

Қўшнилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, самимият ва дўстлик осойишта ҳаёт, юрт тинчлигини таъминлашнинг яна бир асосидир. Қўшнилар ўртасидаги аҳиллик, ўз навбатида, барқарорликка замин яратади. Шунинг учун ҳам Исломда қўшничилик муносабатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю, бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо, 36).

“Қўшниси унинг ёмонликларидан омонда бўлмаган киши жаннатга кирмайди”, деб таъкидланади ҳадиси шарифда. Демак, қўшнилар билан тинч-тотув ва ўзаро меҳр-оқибат билан ҳаёт кечириши инсоннинг икки дунё саодатига эришишига сабаб бўлади.

Юқоридаги даъватлар айрим ҳудудларда нотинчлик, беқарорлик, хунрезлик ва худкушликлар ҳукм сураётган ҳозирги даврда мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикни таъминлаш ўз-ўзидан бўлмаётганини англашга, ўзаро янада иноқ ва аҳил бўлиб яшашга барчамизни ундайди.

Муқаддас динимиз кишиларни тинчликни асраш, барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик Исломнинг моҳиятини ташкил этади.

Азамат УСМОНОВ,

Хожа Бухорий номли ўрта махсус Ислом билим юрти ахборот ресурс маркази мудири