Ҳаж Исломнинг асосий рукнларидан бири, қодир бўлган мўмин-мусулмон умрида бир марта адо этиши фарз ибодат саналади. Шунинг учун ҳам давлатимиз юртдошларимизнинг ҳар йили ана шу муҳим ибодатни эмин-эркин, қулай шароитларда адо этишларига барча имкониятларни яратиб бермоқда.

Бу йил ҳам беш мингдан ортиқ ҳожи табаррук диёрга ҳаж сафарига бориб, ибодатларни эсон-омон адо этиб, қайтди.

Республика раҳбарияти эътибори туфайли ҳожиларимиз қулай, ибодат жойларига яқин меҳмонхоналарга жойлаштирилди. Автоулов билан таъминлаш, ҳожилар саломатлигини муҳофаза этиш юксак даражада ташкил этилди.

Ҳожиларимиз бу йил еттита – Тошкент, Наманган, Термиз, Бухоро, Урганч, Самарқанд ва Қарши вилоятларидан тўғридан-тўғри Саудия Арабистонига бориб-қайтишди.

Мадинаи мунавварада юртдошларимиз Масжиди набавийнинг ёнгинасидаги “Тоййиба” меҳмонхонасига жойлашди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидларини, Равзаларини зиёрат қилишди. Шунингдек, ҳожиларимиз Уҳуд тоғи, Масжидул Қиблатайн ва Қубо масжидларига ҳам боришди.

Яхши шарт-шароитлар ва қулайликлардан ҳожиларимиз жуда мамнун бўлишди. Мутасад­диларга самимий миннатдорлик билдиришди.

Сафар давомида айрим юртдошларимиз ҳаяжон билан сўзлаб берган таассуротларини ён дафтарга ёзиб олган эдим. Уларнинг дил изҳорларида, жумладан, бундай дейилади:

Эркин Бўронов (Самарқанд вилояти):

– Бу ерда одам истиқлол қанчалик катта неъмат эканини яна бир бор ҳис этаркан. Ота-боболаримизга насиб этмаган улуғ ибодат бизга насиб этди. Яратган Эгамга ҳамду санолар айтаман, қолаверса, ибодатларимизни мукаммал адо этишимизда туну кун беминнат хизмат қилган ишчи гуруҳ аъзоларига, ошпазларга, ширинсўз шифокорларга ташаккуримниизҳор этаман. Бу ерда инсонда ўзгача ғайрат пайдо бўларкан. Мен Маккаи мукаррамада кексайиб қолган чоллар ва кампирларнинг ҳаж амалларини қандай шижоат билан бажараётганларини кўриб ҳайратга тушдим. Каъбани тавоф қилаётганларида ёки Сафо билан Марва оралиғида саъй этаётганларида ёшлардан ғайратлироқ эдилар. Ихлос ва муҳаббат одамгақувват берар экан.

Холида Холтоева (Тошкент вилояти):

– Ҳаж сафари давомида бошқа диёрлардан келган зиёратчилар билан суҳбатлашдик, улар ўзбекистонлик ҳожиларга яратилган шароитларга ҳавас билан қарашларини, бизга жуда яхши хизмат кўрсатилаётганини эътироф этишди.

Ҳаж кунлари бир неча миллион одамни буюк бир интизом бошқариб туради. Бундай тартиб фақат Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатни адо этишга тўпланганлари учун берилади. Уларни буюк бир мақсад руҳан бирлаштиради. Бундай пайтларда ҳеч ким бир-бирига бегона эмас. Одамлар бир-бирларининг исмларини билмай­ди, лекин жуда яхши танийди. Ирқи,миллати бошқа-бошқа, аммо оға-инилардай қадрдон.

Маккаи мукарраманинг юраги – Масжидул Ҳаром зиёратига, Каъба тавофига ошиқаётганлар тўлқинини кўриб, жисмоний толиқишлар сезилмай қолади, тоза ва роҳатбахш илҳом қалбингизни тўлдиради. Бундай туйғуни кўнгилдан ўтказишнинг ўзи бахт.

Аллоҳ таоло бизларга ато этган неъматлар ичида энг улуғи имон, холис ибодат бўлса, ҳаж мавсумида бу неъматнинг завқ-шавқи энг юксак даражага чиқишини чин юракдан туйдим.

 

Муҳаммадбобур ЙЎЛДОШЕВ,

Дин ишлари бўйича қўмита Масжидлар бўлими бошлиғи