Ортиқбек ЮСУПОВ,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси

 

Юртимиз истиқлолга эришгач, кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш асосий вазифа этиб белгилаб олинди. Бу биринчи навбатда фуқароларнинг ҳар бир соҳадаги эркинликларини қонуний асосда кафолатлашдан бошланди. Худди шундай эркинликлардан бири эътиқод, виждон эркинлигидир.

Ўзбекистонда турли дин вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз динларига эътиқод қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Республикадаги диний ташкилотлар мустақил ҳуқуқий шахс сифатида ер майдони ва уй-жойга эга бўлишлари, диний адабиётларни нашр этишлари, диний мутахассислар тайёрлашлари, турли тадбирлар ўтказишлари, муқаддас жойларга зиёратлар ташкил этишлари мумкин. Шу асосда диндорлар ўзлари хоҳлаган динга эмин-эркин эътиқод қилиб, ундаги барча амал ва маросимларни тўлиқ бажармоқдалар.

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ ватанимиздаги миллий ва умуминсоний қадриятлар ривожи тарихида янги давр бошланди. Мамлакатимизда бошқа бир қатор соҳалар билан бирга диний омилнинг ижтимоий ва маънавий ҳаётдаги ўрнига бўлган муносабат тубдан ўзгарди.

Юртбошимиз Ислом Каримов ўзининг «Ўзбекис­тон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» асарида динга муносабатни қуйидагича ифодалаган: «Биз дин бундан буён ҳам аҳолининг энг олий руҳий, ахлоқий ва маънавий қадриятлардан, тарихий ва маданий меросдан баҳраманд бўлиши тарафдоримиз».

Мамлакатимиз тарихан кўп миллатли ўлка бўлганлиги туфайли бу заминда турли-туман дин вакилларининг эмин-эркин яшашлари учун барча шароитлар яратилган. Юртимиздаги бошқа ташкилотлар қатори диний жамоалар ҳам жамият тараққиётида тобора фаол иштирок этиб, халқимизнинг маънавияти ва қад­риятини тиклаш, ўзлигимизни англаш, энг асосийси, мустақиллигимизнинг мустаҳкам ва боқий бўлишига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Ҳақиқатдан ҳам миллий қадриятларни тиклаш, ўз навбатида, ўзликни англашга, миллий ҳис-туйғу ва ифтихорни ривожлантиришга самарали таъсир этади. Масалан, ёшлар ўз бобокалонларининг илмий, адабий меросларини қанчалик яхши билсалар, булардан маънавий, айниқса, илмий озуқа олиш билан бирга, улар билан фахрланадилар, уларга тақлид қиладилар.

Миллий ва диний қадриятларнинг ҳаётимизда муҳим ўрин тутиши, тарихий хотирамизни тиклаб, ўзлигимизни англашимиздаги роли, янги жамият қуришда муҳим куч-қудрат манбаи экани Юртбошимизнинг қуйидаги пурмаъно фикрларида яққол ифодасини топган: “... биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан  айри ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз.

Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз”.

Истиқлол туфайли динимиз ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Ислом маданиятига мансуб бўлган минг йиллик тарихга эга, ўтмиш қаъридан оламга нур таратиб келган муқаддас обидалар, масжид ва мадрасалар мўмин-мусулмонларга қайтариб берилди. Аждодларимиздан қолган тарихий меросларимиз қайта тикланди, уларнинг илмий асарлари ёш авлод томонидан кенг ўрганила бошланди. Буларнинг самараси ўлароқ, халқимизнинг диний илмларга бўлган ташналигини қондириш мақсадида бир қанча диний-маърифий адабиётлар нашр этилди. Хусусан, Қуръони карим ва ҳадислар тўплами ўзбек тилига таржима қилинди, уламоларимиз томонидан тафсир ва ислом ҳуқуқшунослигига бағишланган кўпгина китоблар чоп этилди.

Ислом дини баркамол авлодни тарбиялаш, маънавий ва аҳлоқий юксакликка даъват этиш билан бир қаторда, уни ёмонликлардан, қабиҳ амаллардан қайтариш хусусиятлари билан ажралиб туради. Шу сабабли ҳам  жамиятимизнинг миллий, диний-маърифий асосларининг ташкилий бўғинларидан бири саналган ислом дини ҳозирги маънавий-ахлоқий юксалишимизнинг манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Маънавий қадриятларимизни тиклаш борасида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Хива, Андижон, Фарғона каби шаҳарлардаги тарихий ёдгорликларни таъмирлашга катта аҳамият берилди. Буюк алломаларимизнинг зиёратгоҳлари тикланиб, уларнинг илмий мерослари ўрганилмоқда. Имом Бухорий, имом Термизий, имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Абу Бакр Қаффол Шоший, Абдухолиқ Ғиждувоний, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳожа Аҳрор Валий номлари билан боғлиқ жойлар, Шоҳи Зинда, Кўкгумбаз мажмуалари, масжид ва мадрасалар ободонлаштирилди.

Диний таълим тизимига ҳам алоҳида эътибор берилди. Илгари фақат Бухородаги “Мир Араб” мадрасаси ва Тошкентдаги Имом Бухорий номидаги Ислом олий маъҳади бор эди. Бу соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилди. Тошкент Ислом институти ва 9 та Ислом ўрта махсус билим юртлари – мадрасаларнинг фаолияти йўлга қўйилди ва улардаги таълим давлат стандартига тўлиқ мослаштирилди. Мазкур ўқув юртларида билим олаётган фарзандларимиз диний ва дунёвий билимлар билан бир қаторда турли касб-ҳунарларни ҳам ўрганмоқдалар.

Аждодларимиз бебаҳо меросини мукаммал ўрганиш ва олий маълумотли кадрлар тайёрлаш мақсадида Президентимизнинг Фармонлари билан 1999 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент Ислом университети очилди. Унда бугунги ёш авлодга улкан ва бой маданиятимизнинг узвий масалалари бўлмиш ислом назарияси, тарихи, фалсафаси, ҳуқуқшунослиги, маданияти ва ахлоқи, табиий фанлар чуқур ўргатилмоқда. Бу илм маскани халқимиз маънавиятини юксалтиришга, тарихи минг йилдан кўҳнароқ исломий меросни янада теранроқ ўрганиш, динимиз равнақи, унинг тараққиётига хизмат қиладиган, диний ва дунёвий замонавий билимларни пухта эгаллаган мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилмоқда.

Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти АЙСЕСКОнинг Тошкент шаҳрига 2007 йили “Ислом маданияти пойтахти” мақомини бериши мамлакатимиз ҳаётида улкан маданий-маънавий воқеа бўлди. “Шарқ дарвозаси” деб ном олган азим пойтахтимизнинг ана шундай юксак мақомга эришгани нафақат халқимизга, яқин ва узоқдаги дўстларимизга ҳам ғурур ва ифтихор бағишлади.

Юртбошимизнинг Тошкент шаҳрига “Ислом маданияти пойтахти” мақоми берилиши муносабати билан “Бугун биз гувоҳ бўлиб турган юксак эътироф, аввало, асрлар мобайнида дун­ё­вий ва диний илмлар соҳасида қандай буюк кашфиётлар яратган, бунинг учун қанча заҳмат ва машаққатлар чеккан аждодларимизнинг табаррук номлари ва қолдирган меросига, ўзбек халқининг ислом маданияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссасига берилган муносиб баҳо десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз”, деган фикрлари юқоридаги эътирофнинг ёрқин тасдиғидир.

Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли жаҳон ҳамжамияти нигоҳида кундан-кунга эътибор қозониб бормоқда. Жамиятимизнинг маънавий янгиланиш жараёнида халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми – миллий ва диний қадриятларнинг ўрни ва аҳамиятига катта эътибор қаратилмоқда. Шу боис, буюк аждодларимиз, жумладан, Имом Бухорий ҳазратларининг  ҳаёти ва бой илмий-маънавий меросини ўрганиш, уни мамлакатимизда ва хорижий юртларда кенг кўламда тарғиб қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорига биноан 2008 йили Имом Бухорий халқаро маркази ташкил этилди. Ҳозирги вақтга қадар марказнинг малака ошириш ўқувларида республикамизнинг турли вилоятлардаги жоме масжидларида фаолият кўрсатаётган 1500 дан ортиқ имом-хатиблар ҳам диний, ҳам дунёвий илмлар бўйича ўз малакаларини ошириб, бугун фаолиятларини самарали давом эттирмоқдалар.

Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий жиҳатдан барқарор, умуминсоний қадриятлар устувор бўлган, маънавий мерос ва диний қадриятларни тиклаб, инсон ҳуқуқларини устувор соҳа даражасига кўтара олган мамлакатдир. “Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон” деган ғоят теран ва пурмаъно сўзларда, энг аввало инсон, унинг қадр-қиммати ва жамиятдаги мавқеи улуғланган. “Биз инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратдик” деган ояти кариманинг мазмун-моҳиятига ҳар жиҳатдан ҳам­оҳанг бўлган мазкур сўзларда том маънодаги диний бағрикенглик ғоялари акс этган. Бу эса Ўзбекистонда ҳар бир инсонга унинг дини, миллати, ирқи, насл-насабидан қатъи назар, ўз имкониятларини тўла-тўкис намоён этиш учун барча ҳуқуқий кафолатлар ва шарт-шароитлар муҳайё этилганидан далолат беради.