Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганига йигирма бир йил тўлди. Истиқлолга эришгач, мамлакатимиз ҳаётидаги барча ўзгариш, янгиланиш ва ютуқлар замирида мана шу Асосий Қонунимиз ётади. Зеро, Конституция жамиятнинг ҳуқуқий асосидир.

Асосий Қонунимиз жаҳон мезонлари талабларига жавоб берибгина қолмай, халқаро миқёсда намуна бўлгулик ҳуқуқий ҳужжат эканини ҳам кўрсатди. Бу мазмундаги эътирофларга ўз-ўзидан сазовор бўлингани йўқ. Чунки бундай даражадаги ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш, қабул қилиш унча-мунча тасаввурлардаги ишлардан ҳам масъулиятлироқ ва мураккаброқки, буни англаш учун муҳтарам Юртбошимизнинг қуйидаги фикрларини яна бир бор ёдга олиш ўринли: “Табиийки, ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг Конституцияси ҳисобланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомусномадир. Шу маънода Асосий Қонунимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз том маънода халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсулидир”. Дарҳақиқат, шундай. Қадим алломалар ҳам “Одатлар бу одамлардир, қонунлар эса – мамлакатнинг ақли”, деб бежиз айтишмаган.

Шу ўринда яна бир муҳим ҳолатга алоҳида урғу бериб ўтиш шарт: Конституциямиз жуда қисқа муддатда, яъни мамлакатимиз давлат мустақиллиги эълон қилинганидан бор-йўғи ўн беш ой ўтгач қабул қилинган! Иккинчидан, истиқлол арафасида собиқ иттифоқ ҳудудида юзага келган иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий бўҳронлар, ўз эркини қўлга киритган ёш мамлакатда давлат қурилиши соҳасида тажриба эндигина шаклланаётгани, айниқса, турли миллат ва элатлар истиқомат қилиши, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб даражада тартибга солиш ва бошқа қатор долзарб масалалар Конституция қабул қилинишига озми-кўпми таъсир этиши эҳтимоли йўқ эмасди.

Шундай нозик ва мураккаб паллада мамлакатимиз раҳбарияти оқиллик билан иш кўрди: Асосий Қонун лойиҳаси бир эмас, икки марта умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Натижада том маънода халқ хоҳиш-иродасининг ёрқин ифодаси бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.

Асосий Қонунимизда ифода этилган ғоя, тамойил ва қоидалар умумэътироф этилган халқаро талаблар билан бирга, халқимизнинг йиллар давомида шаклланган қадриятлари ўзида мужассам экани билан яна бир карра эътиборлидир.

Гап ҳуқуқий демократик жамият барпо этиш ҳақида борар экан, биринчи навбатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, уларни муносиб ҳимоя қилиш тизими нечоғли шаклланганига эътибор қаратилиши табиий. Ҳуқуқий демократик давлатнинг диққат марказида мудом инсон ва унинг хилма-хил манфаатлари туради. Инсон ҳуқуқлари орасида, айниқса, эътиқод эркинлиги масаласи ўта нозик ва долзарб ҳисобланади. Чунки инсон эътиқодсиз яшай олмайди. Комил эътиқод жамият қиёфасини белгилайдиган омиллардан биридир. Шу боис Конституциямизда диний эътиқод эркинлиги алоҳида модда билан кафолатланган. Айни шу тамойилдан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда собиқ иттифоқ республикалари орасида биринчилардан бўлиб “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонуннинг 3-моддасида виждон эркинлиги – фуқароларнинг хоҳлаган динига эътиқод қилиши конституциявий ҳуқуқ сифатида яна бир карра белгилаб қўйилди.

Бугун, дунёнинг турли нуқталарида диний, миллий ва этник можаролар, уруш ва хунрезликлар бўлаётган бир паллада, юртимиз тинч ва осуда, миллат ва элатлар ҳамжиҳат ва хотиржам яшаётгани, шу чоққача миллий ёки диний низолар келиб чиқмагани бу борада катта ишлар амалга оширилаётганини яққол кўрсатади. Бундай имкониятлар учун ҳар қанча шукр қилсак арзийди.

Икромжон МАРДОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳуқуқшуноси