Абдураззоқ ЮНУСОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг  ўринбосари

 

Ҳар бир янги йилни мамлакатимиз тараққиёти йўналишларидан келиб чиқиб, янгича номлаш юртимизда хайрли анъаналардан бирига айланиб қолди. Бинобарин, бу жараён истиқлол йилларида изчил амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида миллий тараққиёт, Ватан ободлиги, фаровонлиги, авлодларимиз соғлом ва баркамол улғайишида ниҳоятда кенг аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимизнинг 2014 йилни “Соғлом бола йили” деб эълон қилишлари барча юртдошларимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинди.

Таъкидлаш лозим, мустақилликнинг дастлабки йилларидан юртимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш сиёсатнинг устувор йўналишига айланди. Фарзандларимизнинг таълим-тарбия олишлари, билим ва иқтидорларини камол топтириб, ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда.

Бу борада ўтган йиллар давомида олиб борилган ишлар, айтиб ўтиш керак, оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, ҳар томонлама етук авлодни вояга етказишга мустаҳкам замин – обод турмуш тарзини юзага келтириш учун асос бўлди. 2014 йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлардан кутилгани – бошланган эзгу мақсадли ишларнинг узвий давоми бўлган болалар соғломлигини таъминлаш, уларнинг таълим ва тарбиясига алоҳида урғу беришдан иборат. Бу ҳақда Юртбошимиз бундай таъкидлайдилар: “Биз соғлом авлодни тарбиялаб вояга етказишимиз керак. Соғлом киши деганда фақат жисмоний соғлом эмас, балки шарқона одоб-ахлоқ ва умумбашарий ғоялар руҳида камол топган инсонни тушунамиз”.

Тарбия ҳақида Абдулла Авлоний бундай ёзади: “Боланинг саломати ва саодати учун яхши тарбия қилмак – танани пок тутмак, ёш вақтидан маслакни тузатмак, яхши хулқларни ўргатмак, ёмон хулқлардан сақлаб ўсдурмакдир. Тарбия қилувчилар табиб кабидурки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилгани каби боланинг вужудидаги жаҳл маразига “яхши хулқ” деган давони ичидан, “поклик” давони устидан беруб, катта қилмак лозимдур. Зероки, “Ҳассину ахлоқикум” амри шарифи узра хулқимизни тузатмакка амр ўлинганмиз.

Лекин хулқимизнинг яхши бўлишининг асосий панжаси тарбиядур... Ҳукамолардан бири: “Бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинч ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдур”, – демиш”.

Тарбия масаласи ҳар замон ва маконда ана шундай муҳим аҳамият касб этиб келган. Зеро, келажак авлодни тарбиялаш юртининг эртанги куни, ривожи ва тараққиёти учун асос бўлиб хизмат қилиши лозим. Шу сабаб соғлиқни сақлаш соҳасида бўладими, таълим ёки спорт соҳасидами, олиб борилаётган ҳар бир ислоҳот айнан баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган, деб айтиш мумкин.

Тарбиядаги масъулият ва оғирликнинг асосий ҳиссаси ота-оналар зиммасидаги вазифа саналади. Динимиз кўрсатмаларида ҳам айнан шу назарда тутилади. Уламолар ахлоқи ва муомаласи чиройли бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал бўлмайди, деганлар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Ҳеч бир ота-она ўз фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қила олмайди”.

Ривоят қилинишича, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, ёш гўдакларга қандай муомалада бўлиш керак?” деб сўради. Шунда у зот: “Уларга юмшоқ муомалада бўлиб, суюб-эркалаб, ахлоқ-одобга чақириш лозим”, деб жавоб бердилар. Яъни ота-она фарзандининг феъл-атворига қараб муносабат кўрсатиб яхшиликка, одоб-ахлоққа ва фойдали илмга йўналтиришлари замон талабидир. Бунинг учун аввало оилаларда хотиржамлик ва тинчлик ҳукм сурмоғи лозим. Зеро, оила – жамият таянчи. Унда осойишта ҳаётнинг асоси бўлган инсоний фазилатлар шаклланади. “Соғлом бола йили”да амалга оширилиши кўзланган ишларнинг бош мақсади ҳам ана шу.