Юртимизда ёш авлод таълим-тарбияси намунали бўлишини кўзлаб амалга оширилган ва давом эттирилаётган ишлар диққатга сазовордир. Ёшларни билимли, юксак маънавиятли ва маданиятли қилиб тарбиялаш билан бирга қалбларида ватанпарварлик ҳисси мустаҳкам бўлишига катта эътибор қаратилмоқда. Чуқур илмли, ўз касбининг моҳир устаси бўлган, айниқса, гўзал одоб-ахлоқли инсонлар истиқболли келажакни қурадилар.

Миллий урф-одатларимиз диний қадриятларимиз билан уйғунлашиб кетган. Биз, ёшларнинг эрталаб туриб салом бериб, ҳол-аҳвол сўрашимиздан тортиб, ота-онамиз ва атрофдагиларга қандай муносабат-муомала қилишимиз кераклигини кўрсатувчи қоидалар бунга мисол бўла олади. Зеро, бу талаблар комил инсонни вояга етказишга қаратилган.

Илмли, ҳунарли бўлиш инсонга хос хусусият. Инсондаги куч-қувват, шижоат, саховат, меҳр каби сифатлар бошқа жонзотларда ҳам бор. Лекин илм ва ҳунар фақат инсониятга берилган. Аллоҳ таоло Одамнинг (алайҳиссалом) фазлини илм билан кўрсатди, фаришталарни унга сажда қилишга буюрди.

Илм ва ҳунар энг аввало инсоннинг ўзига хизмат қилиши, жамиятда ўрнини топиши, обрў-эътибор қозониши, қолаверса, эътиқодини мустаҳкамлашга восита бўлмоғи керак.

Комил инсон қалбида ўзини ҳам, бошқаларни ҳам бахт-саодатга эриштириш истаги бўлади.

Яхши хулқ-одобли инсон хайрли ишларда одамлар билан зиддиятга бормайди; ўзгалардан камчилик қидирмайди; бировнинг бошига тушган бахтсизликка ҳамдард бўлади; киши айбига иқрор бўлиб бош эгиб келса, уни кечиради; муҳтожларга ёрдам беради; ўз айбларини тан олиб, тузатишга интилади; катта-кичик, қариндош-уруғни иззат-ҳурмат қилади; ҳаммага яхши муомалада бўлиб, ёлғон гапирмайди.

Ёшлар ҳар маънода навниҳол кабидир. Уни қай томонга эгсалар, шунга мойил бўлиб ўсади. Ниҳолга яхши парвариш керак, совуқлардан асраш, новдаси эгилса, унга тиргак қўйиб, ўзини тутиб олишига кўмаклашиш зарур. Онгли инсонни ҳам камолотга етказишда уни ёмонликлардан ҳимоялаб, яхшиликка йўналтирувчи инсонлар даркор. Бу ишда ота-онанинг масъулияти, мавқеи катта.

Бу дунёда ота-онасини рози қилган, дуоларини олган яхши фарзанднинг садақаи жорияси, савобли ишлари уларнинг қабрини ҳам нурли, руҳи покларини шод ва масрур қилади.

 

Диёра ФОЗИЛЖОНОВА