Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Жаннат райҳонлари” дея таъриф берган фарзандлар инсон умрининг энг ширин меваларидир. Шу боис ҳар бир ота-она фарзанди дунёга келган ондан бошлаб, унга бутун меҳрини беради, бор имконини сарф этади, баркамол бўлишини ният қилиб тарбиялайди. Кўзланган мақсад эса, фарзанди аржумандларнинг бахти, эртанги кунининг порлоқ бўлишидир. Зеро, тарбия масаласи қадимдан ҳар замон ва маконда ниҳоятда долзарб ҳисобланиб келган.

Юртимизда қадимдан одоб-ахлоқ ва таълим-тарбияга катта эътибор берилган. Олимлар адаб илмини чуқур ўрганиб, ривожлантирганлар. Муқаддас динимиз ҳар тарафлама гўзал хулқли, иффатли ва ҳаёли бўлишга, нафсни поклашга буюради. Ахлоқий тарбияни инсон камолотининг ажралмас қисми ҳисоблайди. Зеро, Ислом дини инсонларни ҳамиша эзгуликка чақириб, ёмонликлардан қайтаради. Динимиз тарғиб этган одоб-ахлоқ жамиятда эзгу қадрият, чиройли хулқ ва маънавий фазилатлар асоси ҳисобланиши ҳеч кимга сир эмас.

Муҳтарам Юртбошимиз: “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида фарзандларимизнинг маънавий тарбияси ҳақида алоҳида тўхталиб: “Агар биз бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзибўларчиликка ташлаб қўядиган бўлсак, муқаддас қадриятларимизга йўғрилган ва улардан озиқланган маънавиятимиздан, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин”, деган фикрларини доимо ёдда тутишимиз зарур. Халқимизда: “Бир болага етти қўшни ота-она”, деган ибратли мақол бор. Шу биргина сўзнинг ўзидан ҳам ота-боболармиз фарзанд тарбиясига қанчалик эътибор берганини билса бўлади. Ҳадиси шарифларда инсонларнинг яхшилари гўзал хулқли ва чиройли муомалали кишилар экани таъкидланади. Жумладан, бир ҳадисда: “Албатта, сизларнинг энг яхшиларингиз яхши хулқлиларингиздир”, дейилиб, гўзал ахлоқ улуғланган.

Янги 2014 йил мамлакатимизда “Соғлом бола йили” деб номланди. Шунга муносиб равишда, таълим-тарбия соҳаси ходимлари, ота-оналар баркамол авлодни улғайтириш йўлида янада масъулиятли вазифаларни амалга оширишлари керак.

Оилада яхши тарбия топган фарзанд яхши ва ёмонни фарқлай олади. Қайси оилада, қайси маҳаллада ёшлар тарбияси яхши йўлга қўйилар экан, ўша оила, ўша маҳалла, ўша юрт гуллаб яшнайди. Бу эса жамиятнинг равнақ топишига олиб келади. Албатта, бу борада биз – уламолар ва имом-хатиблар елкамизда катта масъулият борлигини ҳис этишимиз зарур.

Ҳукуқий фуқаролик жамияти қуриш йўлидан дадил бораётган юртимизда ёш авлод соғлиги ва бахтини кўзлаб, улкан хайрли ишлар амалга оширилмоқда. “Соғлом авлод йили”, “Ёшлар йили”, “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” кабиларнинг барчасидан кўзланган мақсад аҳолининг маънавий-моддий турмуш даражасини юксалтиришдир.

Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: “Нега айнан аҳолининг соғлиғини сақлаш соҳасидаги тиббий маданиятни оширишга урғу берилмокда?” Чунки тиббий маданияти юксак кишилар нафақат ўзларининг, балки ён-атрофидаги инсонларнинг ҳаётини тўғри йўлга қўйишлари, бу орқали эса, жамиятни юксалтиришлари, натижада юрт келажагининг буюклигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишлари мумкин. Шу маънода бугун ҳар бир маҳалла, қишлоқ фуқаролари йиғинлари қошида қишлоқ тиббиёт марказлари ташкил этилди. Аҳолининг доимий равишда тиббий кўриклардан ўтиб туриши, шифокор назоратида бўлиши таъминланмокда. Бу эса тиббий кўрикдан ўтиб, ҳам расмий, ҳам шаръий никоҳ асосида қурилган мустаҳкам оилаларда туғилажак соғлом фарзандларнинг кафолати саналади.

Хулоса шуки, давлатимиз амалга ошираётган ҳар бир ислоҳот шу юртда истиқомат қилаётган халқ учун. Шундай экан, ҳар биримиз мамлакатимизда амалда бўлган қонун-қоида ва қарорларга қатъий амал қилиб, уни ҳаётимизга татбиқ этишимиз даркор. Шундагина эркин ва фаровон турмуш, озод ва обод Ватан қуришдек эзгу ниятимиз ижобат бўлади.