Буюк Истиқлолга эришилган илк даврда январ ойининг 14 санаси мустақил мамлакатимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилганига сира шубҳа йўқ. Айни шу куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларига асос солинди.

Мамлакатнинг ўз Қуролли кучларига эга бўлиши унинг мус­тақил экани баробарида ўз суверенитетини асраш салоҳиятига эгалигини кўрсатувчи ҳолатдир.

Бугунги кунда ҳарбий хизмат йигитлар учун шарафли бурчга айланди. Юрт шаъни, сарҳадини ҳимоя қилишни олий масъулият деб билиш, буни дилдан ҳис этиш чинакам ватанпарварликдир. Ўтмиши каби келажаги ҳам буюк бўлиши учун ҳаракат қилаётган халқимиз юрт корига яраган асл ўғлонларига алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб келган. Айтиш мумкин, яратилаётган шароитлар натижасида ҳар томонлама профессионал миллий армия шаклланмоқда. Ана шу армия таркибида хизмат қилиш эса ҳар бир йигитнинг орзусига айлангани рост.

Ҳар бир фуқаро ўз Ватанини имкониятлари даражасида ҳимоя қилиши кераклиги муқаддас динимиз таълимотида ҳам айтилган. Болаларни ёшлигидан бу шарафли вазифага тайёрлаб бориш ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларида: "Фарзандларингизга сувда сузишни, камондан отишни ва от минишни ўргатинглар," деб марҳамат қилганлари бежиз эмас. Чунки бундай машғулотлар ёшларнинг жисмонан соғлом, иродали бўлиб улғайишига ёрдам беради.

Қолаверса, Пайғамбаримиз Муҳаммаддан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юрт ҳимояси учун қилинган ҳар бир хатти-ҳаракат учун улкан ажру мукофотлар олиниши ҳақида қатор ҳадислар ривоят қилинган.

Она-Ватанни қўриқлаш ҳар биримизнинг вазифамиз. Буни эркаклар куч-қувватлари, аёллар эса юртга муҳаббат ва садоқатли фарзандларни тарбиялаш билан амалга оширадилар. Ҳар бир касб эгаси ўз иши билан юртга фидойилигини кўрсатиши лозим.

Бугун тинчлик-хотиржамлик неъматини асраб-­авайлашга барчамиз бирдек масъулмиз. Албатта, бу борада асосий таянч миллий армиядир.

Сарҳадларимиз дахлсизлиги, юртимиз тинчлигини таъминлаётган мард ва жасур ҳарбийларимизни Яратган ҳар доим паноҳида асрасин.

 

Нўъмон МЎМИНОВ,

Тошкент шаҳридаги “Аҳмад Яссавий” жоме масжиди имом-хатиби