Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз тинч. Бу улуғ неъмат. Мана шу неъматнинг бардавом бўлиши унинг қадрига етишимиз ва шукрини адо қилишимизга боғлиқ.

Ватанимизда осуда ҳаёт ҳукмрон. Мамлакатимиздаги барқарорликка ҳавас билан қарайдиганлар кўп.

Сарҳадларимиз дахлсизлигини мард ўғлонларимиз, жасур аскарларимиз қўриқлаб турибди. Юрт сарҳади, унинг дахлсизлигини таъминлаш шу мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун олий бурчдир. Конституциямизда Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи экани алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчилик қилиш минг кунлик рўза тутиш ва минг кеча қоим туришдан яхшидир” (Имом Аҳмад ва Табароний), дея марҳамат қилганлар. Дарҳақиқат, она юртни ҳимоя қилиш муқаддас бурч. Ватанни ҳимоя қилиш – ўз ота-онасини, оиласини, уйини, халқини ҳимоя қилиш демакдир. Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким посбонликда турган чоғида вафот этса, қабр фитнасидан ҳимоя қилинади, унинг ҳар бир амали қиёматгача яхши амал қилгани каби ўсиб боради” (Бағавий ривояти), деганлар. Қаранг, Ватанни ҳимоя қилиш қандай саодат экан.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Олий ҳарбий муассасаларда билимли, салоҳиятли ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилди. Миллий армиямиз сафида жисмонан соғлом, дунёқараши кенг ёшлар хизмат қиляпти. Ифтихор билан айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон Қуролли Кучлари тарихан қисқа даврда мураккаб шаклланиш йўлини босиб ўтди ва бугунги кунда замонавий талабларга жавоб берадиган, яхши тайёргарликка эга бўлган армия сифатида ўзини намоён этмоқда. Бугун ёшлар, айниқса, шерюрак посбонларимизга қараб, қалбларимиз чексиз фахрга тўлади.

 

Абдураҳмонжон АБДУРАҲМОНОВ,

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани "Бирлашган" жоме масжиди имом ноиби