Ислом динида оила масаласи алоҳида ўрин тутади. Аллоҳ таоло оила ва никоҳнинг муққаддаслиги хусусида бундай марҳамат қилади:

“Ўз жинсларингиздан сизлар учун жуфти ҳалол яратиб берди, токи улар билан ҳаловатли турмуш қургайсизлар. Ўрталарингизда меҳру муҳаббат туйғусини пайдо қилади. Бу эса Аллоҳнинг биру борлигининг нишоналаридандир. Ақл-идрокли фикр юритувчилар учун бунда кўп ишорат ва аломатлар бордир” (Рум, 21).

Оила билан жамият тушунчаси бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституциясида оила жамиятнинг асосий бўғини экани ҳамда “жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”лиги алоҳида қайд этилган. Шу тамойилнинг ўзи оила жамиятнинг асосий таянчи эканини кўрсатади. Муҳтарам Юртбошимиз оиланинг жамиятдаги ўрни ҳақида гапириб, бундай деганлар: «Ўзбекларнинг аксарияти ўзининг шахсий фаровонлиги тўғрисида эмас, балки оиласининг, қариндош-­уруғлари ва яқин одамларининг, қўшниларининг омон-эсонлиги тўғрисида ғамхўрлик қилишни биринчи ўринга қўяди. Бу эса энг олий даражадаги маънавий қадрият, инсон қалбининг гавҳаридир».

Мустақиллик йилларида барча жабҳалар қатори оила масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Оила мус­таҳкамлиги ва фаровонлигини янада ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Чунки ўзликни англаш, миллий урф-одатларимизни эъзозлаш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, одамийлик, ҳалоллик, олижаноблик, меҳр-оқибат сингари инсоний фазилатлар айнан оилада шаклланади. Жамиятни шундай фазилатли инсонлар ҳар жиҳатдан ривож­лантиради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Уйланиш менинг суннатимдир, кимки менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас, (яъни, умматим қилиши лозим бўлган ишни қилмабди)". Демак, никоҳланиш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатлари экан. Никоҳ сабабли инсон ўз насл-насаби поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.

Жамиятнинг келажаги, тараққиёти оилаларнинг маънан пок ва соғломлигига боғлиқ.

Оила аъзоларининг маънан поклиги, аввало, ҳалол меҳнат эвазига топилган даромад билан ҳаёт кечиришга бориб тақалади. Қинғир йўллар билан топилган пул эвазига оилани боқиш – хонадон аъзолари, биринчи навбатда, ёш болалар руҳиятига берилган зарбадир. Ҳаром луқма ҳеч қачон яхшиликка олиб борган эмас. Нотўғри, гуноҳ ишларнинг касофати оила ва фарзандларга уриб кетишининг эҳтимоли катта. Энг ёмони, хонадон муҳитига путур етади. Оилада соғлом муҳит бўлгандагина унда маънавияти пок фарзанд шаклланади. Шундагина оила фароғат қасрига, гўзал оромгоҳ, саодат қўрғонига айланади. Зеро, Қуръони каримда айтилади: “Аллоҳ сизлар учун уйларингизни оромгоҳ қилди” (Наҳл, 30).

Жамият тараққиётига хизмат қилиш шарафли бурч. Ҳар бир хонадон беги ва бекаси оиласи мустаҳкамлиги учун чин дилдан ҳаракат қилиб, солиҳ ва солиҳа фарзандлар тарбиялаши – катта масъулият. Ҳаммамизга мана шу вазифани адо этиш саодати насиб этсин.

 

Абдулвосе ШОНАЗАРОВ,

"Хожа Бухорий" Ислом ўрта махсус билим юрти ўқитувчиси