Кексалик нуронийлик демакдир. Ҳаёт аччиқ-чучугини тотган инсонда комиллик сифатлари намоён бўлади. Барчани бирдек тушуниш, сабр, юмшоқлик каби фазилатлар инсонда йиллар давомида шаклланади ва улуғ ёшда айни юксакликка кўтарилади.

Ёши улуғ одам ҳар бир ишнинг оқибатини теран ҳис қила олади. Унда донишмандлик, оқиллик зоҳир бўлади. Инсон навқирон пайтида оловга ўхшайди. Марраларга тезроқ эришгиси келади, муаммоларни куч билан осонгина ҳал қилишни истайди. Натижада хатолар қилади. Аммо кексалик мақомига етганида бамисоли сокин уммонга айланади. Унинг бағри кенг бўлиб, ақли ҳикмат жавоҳирларига тўлади. Ҳар қандай чигалликни босиқлик ва ақл билан ечишни жуда яхши билади. Кўзлар нури қувватини йўқотади, лекин қалб назари дунё ҳақиқатларини кўраверади, чунки унда маърифат ёғдуси порлайди.

Инсон умридаги ҳар бир давр комилликнинг ўзига хос босқичларидир. Агар ёшликдаги хатолар бўлмаса, кексаликдаги донишмандлик қаердан келиши мумкин? Шундай экан, ёшлар айб қилса, уларни қоралашга шошилмасдан, тарбиялаш лозим. Кексаларнинг жисмоний меҳнатга қувватлари етмаса, уларни қадрлаб, ҳақларини адо қилиш керак.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилган бўларди”. Демак, Аллоҳ таоло кексаларнинг дуоси ва гўдакларнинг бегуноҳлиги туфайли халқларни ўз паноҳида асрайди, турли бало-офатлардан омон сақлайди.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Бир катта ёшдаги қария Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни йўқлаб келди. Қавм унга йўл очишда кечикиб қолди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кичкинамизга раҳм қилмаган, каттамизни улуғламаган биздан эмас”, дедилар”.

Демак, ёши улуғларга ҳурмат кўрсатишни, уларни қадрлашни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амр қилмоқдалар.

Шу маънода, жорий 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши замирида юксак инсонпарварлик, эзгуликка муҳаббат намоён бўлиб турибди.

Халқимиз фарзандларни ҳамиша ёши улуғларни ҳурмат қилиш ҳисси билан тарбия этган. Яхши ишлар, савобли амаллар билан умр кечирган кексаларимиз барчамиз учун файзу ҳикмат конига айланадилар. Уларнинг суҳбатлари, ҳаёт ҳақидаги ўгитлари, қимматли маслаҳатлари ҳамиша тўғри йўлни топишда ёрдам беради. Улар жамики хайрли ишларда йўлбошчи бўлишган. Отахон ёки онахонларимизнинг фотиҳаларини олмасдан бирор ишга қўл урилмаган.

Қадимда ота-боболаримиз пахсадан қурилган уйларда умргузаронлик қилган. Қиш ойлари уйларнинг томидаги қор кураб ташланган. Ўша чоғларда агар уйда ёши улуғ инсон бўлса, у киши бошқа хонага олиб ўтилмагунича, шу уйнинг томига чиқилмаган. Чунки бу ҳурматсизлик саналган. Бу кексаларга ҳурмат туйғуси бизнинг қон-қонимизга сингиб кетганининг бир исботидир.

Ота-оналаримиз кексалик ёшига етганларида уларга эҳтиром кўрсатиш, хизматларидан малолланмаслик, аксинча, ота-она истакларини адо этишда қойим туришни ўзимизга шараф деб билишимиз лозим.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!” (Исро, 23).

Демак, ота-онага яхшилик қилиш ибодат каби улуғ иш экан. Сўнг ота-онанинг кексалик ёшига етишларига эътибор қаратилади: (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшга етсалар...” уларнинг улуғ ёшларга етмоқлари ҳам бир неъматдир. “...уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!”. Албатта, “уф!..” демаслик ҳақидаги ҳукм бежиз келаётгани йўқ. Чунки бу билан ота-она ўзларига ҳурматсизлик кўрсатилгандек ҳис қилиши ёки фарзандимнинг оғир ташвиши бормикан деб хавотирланиши мумкин. Ҳар қандай ҳолда ҳам уларга чиройли сўзларни айтишимиз керак.

Ҳазрат Алишер Навоий “Ҳайрат ул-аброр” достонида бундай ёзади:

Кимки улуғроқ, анга хизмат керак,

Улки кичикроқ, анга шафқат керак.

Яъни, ким улуғ бўлса, унинг хизматини адо қилиш лозим, кичикларга эса шафқатли бўлиш маъқулдир. Умрини халқ хизматига бағишлаб, бугунги кунда ёшларга тўғри йўлларни кўрсатаётган ва ҳаёт сабоқларини бераётган кексаларимизни эъзозласак, бу гўзал ибрат келажак фарзандларимизга ҳам мерос бўлиб қолади.

Абдулҳамид МАЛИКОВ,

Пскент тумани бош имом-хатиби