Дунёда қилинган ҳар бир яхшиликнинг ажри, мукофоти бор. Ватан ҳимояси ҳам буюк ва эзгу ишлардандир. Мамлакатимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини миллий байрам сифатида нишонлаш анъанага айланди. Бугунги тинч, осойишта ҳаётимизни қуролли кучлар ҳимоя қилмоқда. Ана шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган ўғлонларимиз шаънига ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.

Муқаддас динимиз ҳам инсонларнинг тинч-осойишта ва фаровон ҳаёти учун ҳамиша қайғуриб келган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматлари эмин-эркин ҳаёт кечириши учун умрларининг сўнгги лаҳзасигача дуодан тўхтамаганлари сўзимиз исботидир. У зот (алайҳиссалом) одатларича ҳар тонгги ва кечки ибодатдан сўнг офият ва тинчликни сўраб дуо қилар эдилар. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эрта тонгда ва кеч тушганда ушбу калималарни айтишни канда қилмасдилар: “Ё Аллоҳ, мен Сендан дунёда ва охиратда офиятни сўрайман. Ё Аллоҳ, Сендан диним, дунёим, аҳлим ва молимда афвни ва офиятни сўрайман...” (Имом Аҳмад).

Тарихдан маълум, ҳар давр ва ҳар замонда халқнинг тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш ва ҳудудларни ҳимоя қилиш учун ўша юртнинг ўғлонлари сафарбар этилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида ҳам бир жамоа кишилар сафарларда тунлари қўриқчилик қилиб чиққанлар. Абу Райҳона (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга ғазотда эдик. Тунлардан бирида баланд ерга келдик. Бизга қаттиқ совуқ етди. Ҳатто ораларимиздан баъзилар ерни (ўзи) сиғадиган қилиб ковлаб, унга кириб (тешикка) қалқонини қўйиб олганига кўзим тушди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бу ҳолатни кўрганларида: “Бу кеча бизни (ёвдан ёки душмандан) ким қўриқлайди? Мен (қўриқлайдиган кишини) фазилатли дуо билан дуо қиламан”, деб айтдилар. Ансорлардан бир киши: “Ё Расулуллоҳ, мен”, деди. У зот (алайҳиссалом): “Яқинроқ кел”, дедилар. У киши яқинлашди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сен кимсан?” деб сўрадилар. У ўзини: “Ансорийлардан”, деб таништирди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуони бошладилар ва уни кўп дуо қилдилар. Абу Райҳона айтади: “Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) унинг ҳаққига қилган дуони эшитдим-да: “Мен ҳам борман”, дедим. “У зот (менга) яқинроқ кел”, дедилар. Мен яқинроқ бордим. У зот: “Кимсан?”, деб сўрадилар. Мен: “Абу Райҳонаман”, дедим. У зот (алайҳиссалом) ансорийнинг ҳаққига қилган дуоларидан ўзгачароқ қилиб дуо қилдилар. Сўнгра: “Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўзга дўзах ҳаромдир. Аллоҳнинг йўлида (туни билан) бедор бўлган кўзга дўзах ҳаромдир”, дедилар (Имом Аҳмад, Табароний).

Абу Атийя (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган яна бир ҳадисда: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир киши вафот этганини билиб, қай бирингиз унинг бирор яхши амали (бажарётгани)да кўрган?”, деб сўрадилар. Бир киши: “Мен у билан бирга Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчи бўлдим”, деб айтди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ва у зот билан бирга бўлганлар ўринларидан туриб, унга жаноза намозини ўқишди. Қабрига қўйилгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қўллари билан тупроқ тортдилар. Сўнг (маййитга қараб): “Дўстларинг сени “дўзах аҳлидан”, деб ўйлашмоқда. “Мен сени жаннат аҳлидан эканингга гувоҳлик бераман”, дедилар” (Имом Табароний).

Инсон дунё ва охиратда солиҳ амаллари, Ватан, имон, дин ҳимояси, ободлиги билан роҳатга эришади. Ўзбек халқи ўғлонларининг шараф деб билган шиори бор. У ҳам бўлса “Мардлар қўриқлайди Ватанни”. Ҳақиқатан, ватанни қўриқлаш ва унинг остонасини ғанимлар кучидан ҳимоя қилиш бу инсон ўзининг уйини, оиласини, қариндош уруғини ва айниқса, динини ҳимоя қилиш деганидир. Ватан тинч бўлса, келажак авлод тинч осойишта яшайди ва тоат-ибодатлари ўз вақтида адо этилади.

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом-хатиби