Қариялар – нуроний отахон ва онахонларни, аввало, бой ҳаётий тажрибага эга, турмушнинг аччиқ-чучугини кўрган инсонлар сифатида улуғлаймиз.

Инсон кексайгач, унинг кўнгли нозик бўлиб қолади. Ҳар қандай муомала ҳам ёқавермайди. Шундай ҳолларда уларни тушуниб, эъзозлаш лозим бўлади. Ота-она фарзандини тарбия қилишда ҳар қанча машаққат бўлса ҳам сабр қилган, норози бўлмаган. Аксинча, унга бор меҳрини бахшида этган. Фарзанд гўдаклигида ота-онага қанчалик муҳтож бўлса, ота-она ҳам кексайганида фарзанди ёрдамига шунчалик муҳтождир.

Зеро, Аллоҳ таоло Қуръонда бундай марҳамат қилади: “Биз кимга узоқ умр берсак, унинг вужудини ҳам (эгик, заиф) қилиб қўюрмиз. Ахир ақл юргизмайдиларми?!” (Ёсин, 68).

Ушбу оят ҳар бир инсонни кексаларга нисбатан бағрикенглик билан яхши муомалада бўлишга ундайди. Қарамоғида кекса ёшли ота-онаси ёки бирор қариндоши бор кишилар ўзлари ҳам бир кун келиб, шу ҳолга тушишларини ўйлашлари, бундан хулоса чиқариб, уларга доимо яхши қараб, эътиборли бўлиб, эҳтиёжларини имкон қадар қондириб боришлари керак.

Аслида, кексаларнинг борлиги улкан бахт. Уларнинг дуолари туфайли Аллоҳ таоло турли офатлардан асрайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) шундай деганлар: “Агар ораларингизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келарди”.

Ота-онанинг ёши улғайиб, кексайган сари ақл доираси тўлиб боради, ҳаёт тажрибаси ортади. Айни вақтда, хасталикларга тез чалинишади, ҳолсизланиб қолишади, руҳий ҳолатлари ҳам тез-тез ўзгариб туради. Фарзандлар ва қариндошлар ҳар қандай вазиятда ҳам бундай ҳолатни тўғри тушунишлари, улар билан муносабатда самимий, мулойим ва ширинсухан бўлишлари шарт.

Кайковус “Қобуснома” асарида қуйидагиларни ёзган: “Ўз фарзандинг сени ҳурмат қилишини истасанг, сен ҳам ота-онангни ҳурмат қил, чунки сен ота-онангга нима қилсанг, фарзандларинг ҳам сенга шундай иш қилади”.

Ота-онанинг барҳаёт чоғлари фарзанднинг энг бахтиёр, энг масъул ва ғанимат дамларидир. Шу боис, уларни рози қилиш ва дуоларини олиш ҳар бир фарзанднинг муқаддас бурчидир.

Бой маънавий меросимиз негизида қарияларга муносабат асосий ўрин эгаллайди. Агар кекса авлодга муносабатда миллий ва умуминсоний тамойилларга асосланмасак, авлодлар ўртасидаги ворисликни таъминлай олмаймиз. Шу боис қарияларни ҳурмат қилиш, улар соғлом турмуш шароитида яшашлари учун имконият яратиб бериш оиладан бошланади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” (64-модда), “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” (66-модда), деб ёзилган.

Азалдан қарияларни қадрлаб, эъзозлаб, ҳурматини жойига қўйиб келинган. Аждодларимиз “Қари билганни пари билмас”, “Қариси бор уйнинг париси бор” деб бежиз айтишмаган. Мураббий-устозларнинг беминнат хизматига бир умр содиқ бўлиш, уларнинг дуоларини олиш, насиҳатларига қулоқ солиш асосий одоб ҳисобланган. Қарияларни қадрлаш, ҳурмат қилиш маънавий-ахлоқий фазилат бўлиб, ҳар бир фарзандга ёшлигидан оила даврасида сингдириб борилган.

 

Шукур ЖАББОРОВ