“Ўз киндик қони тўкилган, ота-боболари хоки ётган она юртни дунёда тенгсиз, муқаддас Ватан деб биладиган одамнинг мақсад-муддаолари аниқ, ғурур ва ифтихори юксак бўлади”.

Ислом КАРИМОВ

Ватанга бўлган муҳаббат хаёлий ёки кўр-кўрона эҳтирос эмас, балки илоҳий туйғудир. Бундай туйғудан чўлда ўрмалаб юрган жониворлардан тортиб, кўкда парвоз қилаётган қуш, ҳатто денгиз ва дарёлардаги балиқлар ҳам бегона эмас. Улар ҳам ўз ошёнларини Аллоҳнинг қудрати ила ҳис этади, ҳимоя этади. Асаларини қаранг: данакдек бу жонивор ўз уйини муҳофаза қилишида илоҳий қудрат намоён эмасми?!

Аллоҳ мукаррам қилиб яратган инсонда эса бундай туйғу ўзгача бўлиши мутлақо табиий. Шайх Нажмиддин Кубро ҳазратларини эслайлик. Мўғул босқинчилари шаҳарни ғорат қилиши арафасида ҳазратга лутф кўрсатишади, гўё... Яъни ул зотга омонлик бериб, шаҳарни тарк этишни таклиф этишади. Бироқ ҳазрат бундай “марҳамат”ни рад этади. Аксинча, ҳамюртлари билан душманга қарши оёққа туради. Жангда ўз юрти байроғини баланд кўтаради. Ватан ҳимояси учун кечган аёвсиз урушда ҳалок бўлган Кубро ҳазратлари қўлидаги байроқни душманлар тортиб олишни уддасидан чиқолмагач, бармоқларини кесишган экан... Мана, чин инсоннинг ватанпарварлиги!..

Ватан – тамасиз ва таънасиз севиладиган гўша! Ватанга бўлган муҳаббат туғма бўлади, Шу боис инсон дунёнинг қайси нуқтасида бўлмасин, ҳатто муборак ҳаж сафари чоғида ҳам ўз Ватанини қўмсайди, соғинади, унга талпинади...

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи мунавварага кетаётганларида туғилиб ўсган гўшалари – Маккаи мукаррамага юзланиб, қалблари эзилиб, кўзлари ёшга тўлиб шундай хитоб қилганлар: “Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Қандай ҳам менга севимлисан! Агар қавминг мени сендан қувмаганида, сендан бошқа жойда яшамас эдим!” (Имом Термизий ривояти).

Сарвари олам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу муборак сўзлари замирида туғилиб ўсган масканига нисбатан муҳаббат акс этмаяптими? Демак, Ватанни севмоқ умматлар учун суннат! Ватанини севган инсон унинг ҳимояси, тинчлиги ва тараққиёти учун хизмат қилмоғи аён.

Маълумки, 1993 йилдан эътиборан юртимизда 14 январь санаси “Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинган. Бу сана муайян касб ходимлари куни сифатида нишонланса-да, амалда ўзини Ватан ҳимоясига дахлдор деб билган барча инсонларнинг байрамидир. Зеро, бу кун фақат ҳарбийларгина эмас, балки барча бир-бирини самимий муборакбод этади. Бу анъанага айланиб бораётирки, шу ҳолатнинг ўзиёқ ватанни ҳимоя қилмоқ соҳа ходимларинигина эмас, барчанинг бирдек бурчи эканини мантиқан кўрсатади. Чунки бугунги таҳликали замон, дунёнинг турли нуқталарида ғоявий хуружларнинг аччиқ ҳосиласи бўлмиш ўзаро низо ва урушлар юрт ҳимояси учун барча бирдек масъул эканини такрор ва такрор англатмоқда.

“Ватан ҳимояси” деган гап кўп маънони ўз ичига олади. Исломшунос олим Айдарбек Тулепов “Ислом ва ақидапараст оқимлар” китобида ўринли қайд этганидек: “Бугун мафкуравий курашлар, маънавий зиддиятлар ва зўравон ғояларнинг турли “ўйин”лари авж олди. Халқимиз бундай шароитда ҳар қачонгидан-да ҳушёр ва огоҳ бўлиши, дўст-душманини ажратиши, ғанимлар фитнасига учмаслиги, ёвуз кучлар қўлида қўғирчоқ бўлмаслиги зарур. Чунки ҳар бир фасод иш ортида разил мақсадлар, манфаатдор кимсалар турганини бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ”.

Ватан ҳимояси – халқ, миллат ва авлод ҳимоясидир. Ватан сарҳадлари мустаҳкам экан, юрт тинч, турмуш фаровондир. Юрт муҳофазаси йўлида риёзат чекканларга эса улкан ажр-савоблар ваъда қилинган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчилик қилиш минг кунлик рўза тутиш ва минг кеча қойим туришдан яхшидир”, дея марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ва Табароний ривояти).

Ватан ҳимояси ҳар бир кишининг фуқаролик мажбурияти ҳамдир. Қомусимизда бундай дейилган: “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ва муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар” (52-модда). Конституциямизнинг ушбу моддаси ёдга олинар экан, беихтиёр хаёлимиз яқин ўтмишга учади. Мустабид тузум пайтида навқирон йигитлар айнан “ҳарбий мажбурият” туфайли собиқ империянинг қанчадан-қанча “қайноқ нуқталари”га улоқтирилмади?! Бунинг натижасида не-не ўғлонлар майиб-мажруҳ, ҳатто жувонмарг бўлишмади, дейсиз?! Вазият шу даражага етдики, ота-оналар қандай йўл билан бўлмасин, фарзандларини ҳарбий хизматдан олиб қолиш пайига тушишарди. Истиқлол туфайли эса вазият тамоман ўзгарди. Ёшларимиз учун ҳарбий хизматга бормоқ шарафли бурчга, “ҳарбий мажбурият” тушунчаси шонли масъулиятга айланди. Юрт байроғини ўпиб, ҳарбий хизматга отланаётган йигитларнинг юз– кўзларидаги шиддатдан кўнглимиз фахру ғурурга тўлади.

Ватанни ҳимоя қилиш улуғ масъулият, муқаддас бурч бўлиши билан бирга улуғ саодатдир. Буни барча чуқур англаши, қалбдан ҳис этиши лозим. Қалбдан ҳис этилган ҳақиқат эса инсонни комилликка етакловчи омиллардан ҳисобланади. Ватанпарварлик эса комилликнинг бош белгисидир.

 

Жалолиддин ХОЛМЎМИНОВ,

“Кўкалдош” ислом ўрта махсус билим юрти мударриси