Мусулмон оламида қадимдан оила муқаддас саналган. Энг қимматли анъаналар – ҳалоллик, тўғрисўзлик, ор-номус, шарму ҳаё, меҳру оқибат, меҳнатсеварлик каби барча инсоний фазилатлар оилада шаклланган.

Оила деганда, энг олдин кўз ўнгимизда она сиймоси гавдаланади. Чунки оила ҳаловатини таъминловчи биринчи омил она ва унинг покиза, оқилалиги, меҳри, муруввати, садоқати ва вафодорлигидир.

Бундан ташқари, оила инсоннинг бахт-саодатини таъминловчи қўрғон ҳам ҳисобланади. Оилада эркак кишининг масъу­лияти динимизда алоҳида қайд этилган. Эрнинг ижтимоий-маънавий ва молиявий бурчи кўрсатилган.

Ислом дини аёлига яхши муносабатда бўлган эркакларни одамларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: "Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли аёлига, оиласига яхшилик қилганларингиздир. Мен ўз оиламга яхшилик қилгувчироқман".

Оилалар тинчлиги, мустаҳкамлиги эр билан хотиннинг ўзаро ҳурмат-эътибори, меҳр-шафқати ва муҳаббат туйғуларига боғлиқ.

 

Нуриддин МАННОНОВ,

Қарши тумани "Қуйи Бешкент" жоме масжиди имом-хатиби