Йил фаслларидан ҳар бирининг ярашиқли ўрни, белгиланган вақти бор. Мана, қиш ўтиб, кўклам кириб келди.

Баҳорнинг илк ойида табиатнинг уйғониши билан боғлиқ бўлган Наврўз байрами нишонланади. Бу байрамни ҳар йили халқимиз интиқ бўлиб кутади.

Наврўз айёмида барчамиз шу кунларга етганимиздан суюнамиз, бир-биримизни қутлаймиз. Боболаримиз, момоларимиз баҳор хайрли келишини, мева-чевалар мўл бўлишини, хирмонларимиз донга тўлишини сўраб, Яратганга дуолар қилади.

Аҳолисининг катта қисми қишлоқ хўжалигида ишлайдиган Ўзбекистондек юрт учун баҳор байрами алоҳида аҳамият касб этади. “Ҳамал кирди – амал кирди”, деган мақол бежиз айтилмаган. Деҳқонлар ишидан бутун борлиқ манфаат олади.

Динимизда деҳқончилик, ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Зеро, ерга меҳр билан қанча ишлов берилса, экинлар ҳам баракали бўлади.

Айниқса, муҳтарам Юртбошимизнинг “Наврўз – умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори айни эзгуликка ташна халқимизга қанот бўлди.

Наврўз – меҳр-оқибат, саховат, бағрикенглик байрами. Ҳар йили баҳор келиши билан атроф-муҳит, ҳовли ва яшаш жойлари, ўқув даргоҳлари ҳамда маҳаллаларни саранжом-саришта қилиш бўйича кўплаб оммавий ҳашарларни уюштириш ҳам миллатимизга хос фазилатлардан. Бунда дарахтлар оқланиб, кўча-кўйлар тозаланади, янги-янги мевали ва манзарали кўчатлар экилади. Атрофни ўзгача файз ва шукуҳ, поклик қамраб олади. Зеро, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳовли ва уй-жойларингизни озода тутинглар”, “Поклик имондандир”, дея умматларини доим покизаликка чорлаганлар.

Байрам кунлари халқимизнинг эзгу фазилатлари янада ёрқин намоён бўлади. Касаллар, ногиронлар ҳолидан хабар олинади, ҳадялар улашилади. Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари ва унинг жойлардаги вакилликлари кексаларга эҳтиром кўрсатилаётган жорий йилда “Нуроний” жамғармаси, “Ногиронлар” жамияти, маҳалла фаоллари билан биргаликда уруш ва меҳнат фахрийлари, республика пансионатларидаги кекса, ногирон, ёлғиз қарияларга моддий-маънавий кўмак беришга алоҳида эътибор қаратади. Меҳрибонлик уйларидаги болалар ҳолидан хабар олишга, кўнгилларини кўтаришга астойдил бел боғлайдилар. Байрам муносабати билан уларга турли совғалар улашилади. Байрам дастурхонлари тузалади.

Ҳар бир хайрия тадбирида идоранинг масъул ходимлари, ҳудуддаги жоме масжидлари имом-хатиблари қатнашадилар.

Яратган Парвардигоримиз кириб келган баҳор мавсумини, бутун йилимизни баракотли қилсин, яхши ниятлар билан ерга уруғ қадаётган халқимиз эзгу мақсадларига эришувида Ўзи мададкор бўлсин!

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  раиси, муфтий