Халқимизда: “Ҳамал кирди – амал кирди”, деган мақол бор. Юртимизга баҳор фаслининг кириб келиши, ўт-ўланлар сабза уриши, бободеҳқон ерга уруғ қадаши муносабати билан Наврўз байрами нишонланади.

Миллий байрам Наврўз ҳақида фиқҳий китоб “Фатовои Заҳирия”да шундай дейилади: “Наврўзни ўтказмоқлик мақбулдир ва ҳеч динга зиёни йўқдур”.

Имом Абу Ҳанифанинг “Ал-урфу кан-насси” (“Урф ҳужжат кабидир”) деган шиори машҳур бўлиб, ҳанафий мазҳаби ҳар бир халқнинг исломгача бўлган маданияти, урф-одатларига ҳурмат билан қараган. Наврўзни нишонлаш ҳам Ўрта Осиё халқларининг қадимий урф-одатларидан ҳисобланади.

Аҳолисининг катта қисми боғдорчилик ва полизчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларда фаолият юритадиган Ўзбекистонда Наврўз алоҳида аҳамият касб этади.

Ҳадиси шарифларда ҳам зироатчилик билан шуғулланиш улуғ иш эканлиги кўп маротаба такрорланган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Қиёмат куни бўлса ҳам, қўлида ниҳоли бор одам уни эксин", дея даъват қилганлар.