Марҳумларни эслаб, ҳақларига дуо қилиш, қабристонларни зиёрат этиш, ўтганлар учун ҳам истиғфор айтиш савоби улуғ ишлардандир. Ҳадиси шарифда: “Қабристонни зиёрат қилиб туринглар, зеро, у сизларга охиратни эслатади”, дейилади (Имом Термизий ривояти).

Қабристонда одам бир куни мана шу жойга қайтишини теран мушоҳада эта билса, зиёрат унинг учун катта сабоқ вазифасини ўтайди. Дарҳақиқат, қабристон тирикларни ҳушёр торттирадиган, оқил инсонни босиб ўтган ҳаёт йўлига теран назар ташлашга, билиб-билмай йўл қўйган хатолари учун тавбага ундайдиган ва яхшилик қилишга чорлайдиган маскандир.

Халқимиз ҳар қандай мусибат, қора кунлар, қатағон, иккинчи жаҳон урушининг мислсиз даҳшатлари олдида ўзлигини асло йўқотмади, мустаҳкам ирода, имон, Ҳақ таоло раҳматидан умидворлик элимизга ҳар вақт ҳамроҳ бўлди. Аллоҳга беадад шукрлар айтамизки, аждодларимиз орзу қилган буюк неъмат – Ватанимиз мустақилликка эришган нурли кунларга етдик.

Бугун юртимизда улуғ аждодлар хотирасини қадрлаш, мамлакат тараққиёти, юрт озодлиги йўлида жон фидо этган ота-боболаримиз руҳини шод этиш учун кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан ҳар йили мамлакатимизда анъанавий тарзда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Хотира ва қадрлаш, бу инсон зоти, муқаддас ёди, умри давомида бажарган эзгу амалларига бўлган эҳтиром рамзидир. Биз ҳамиша марҳумларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни адо этамиз. Зеро, ўтганларни эслаш ва уларга истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат ҳамда ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”»

Ҳақиқатан, эл-юрт манфаати йўлида фидокорлик кўрсатиб, қарилик палласига етган ота-боболаримиз меҳнати ва жонбозлигини қадрлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш улуғ ишлардандир.

Юртдошларимиз ушбу кунга катта тайёргарлик кўради. Байрам олдидан ҳашарлар уюштирилиб, қабристонлар тозаланади, дарахтлар оқланади.

Билим даргоҳларига Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари таклиф этилиб, маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилади. Кекса отахонлар ибратли ҳаёт йўлларидан ёшларга гапириб беради.

“Саховат” ва “Мурувват” уйларида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши, уруш орти меҳнат фронти қатнашчилари, ногиронлар ҳамда ёлғиз қариялар учун байрам дастурхонлари тузалиб, моддий ва маънавий кўмак берилади. Хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари ҳам байрам кунлари алоҳида йўқланади. Уларнинг фарзандларига совға-саломлар улашилади.

Албатта, бу жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари ҳам фаол иштирок этадилар. Биргина ўтган йили диний идоранинг вилоятлардаги вакилликлари, имом-хатиблар ҳомийлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан биргаликда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши ва уруш ортида меҳнат қилганлар, меҳнат фахрийларига 172 миллион сўмдан ортиқ ҳадя ва совғалар улашишди. Жорий йилда мазкур хайрли ишнинг кўламини янада ошириш режалаштирилган.

Хотира инсонни неъматларга шукр қилишга ундайди. Чунки кечаги кунини эслаб, тафаккур қилган инсон бугунидан мамнун бўлади. Янада эзгу ишлар қилишга чоғланади. Элу юрт манфаати йўлида қилинган озгина яхшилик ҳам унут бўлиб кетмаслигига ишонади...

Аллоҳ таоло улуғ ёшдаги ота-оналаримизни ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, халқ тинчлиги ва фаровонлигини тилаб қилаётган дуоларини мустажоб айласин. Фарзандларимиз юртини, ота-онасини эъзозлайдиган, уларга ҳурмат-эътибор кўрсатадиган солиҳ инсонлардан бўлсин.

Шайх Абдулазиз Мансур,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари