Кексаларнинг борлиги ҳам, давраларимиз тўрида дуо қилиб ўтиришлари ҳам катта давлат. Улар нафақат хонадонларимиз, балки эл-юртнинг файзи. Дуолари, сабоқлари ҳар қандай хазинадан аъло. Уларнинг хотираларини тингларканмиз, Ватан ва унда тинч-хотиржам яшаш неъмати қанчалар улуғ эканини теранроқ ҳис қиламиз.

Андижон шаҳридаги "Қўчқор тўпи" маҳалла фуқаролар йиғинида шундай пири бадавлат отахонлардан бири - Жалолиддин Насриддинов яшайди. Уруш йиллари қийинчиликларини кўрган, бугун 8 фарзанд, 30 невара, 26 чевара даврасида қарилик гаштини сураётган отахоннинг тилидан шукр тушмайди.

Жалолиддин ота учрашув ва йиғинларда, ўқувчилар, маҳалла ёшлари орасида кўп бўлади. Айтар сўзлари таъсирли, ҳар бир воқеа ҳаётий, ибратга бой. Уруш, жанг азоблари, истиқлолгача халқимиз матонат билан босиб ўтган йўл ҳақида сўзлайди. Ёшларни бугунги тинч, фаровон кунларнинг қадрига етишга чақиради.

– Яқинда жияним "Нексия" уловида водийнинг шаҳар ва қишлоқларини саёҳат қилдирди, – дейди Жалолиддин ота. – Ҳар бир жойда асрларга арзийдиган бунёдкорлик ишлари қилинаётганига гувоҳ бўл­дим. Ўзига хос меъморий кўринишга эга бўлган замонавий бинолар, хиёбонлар, коллеж, лицей ва мактаблар завқингизни оширади. Куни кеча Косонсой туманидаги фахрийлар оромгоҳида дам олиб қайт­дим. Биз қарияларга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан мамнун бўл­дим. Юртимизнинг барча вилоятларидан келиб дам олаётган қадрдонларни кўриб севиндим, кўнглим тоғдек кўтарилди. Илоҳим, юртимиз ҳамиша шундай озод, тинч, халқимиз тотувликда яшасин. Тўйларимиз тўй­ларга улансин, кўрганимиз яхши кун бўл­син.

 

Муҳаммаджон МАҲМУДОВ,

Марғилон шаҳри