Ёш авлодни Ватанига содиқ этиб тарбиялаб, вояга етказиш ҳар бир жамиятнинг энг бирламчи вазифасидир. Мустақил Ўзбекистонимизнинг Бош қомусида оила – жамиятнинг асосий бўғини экани таъкидланиб, оналик ва болалик давлат томонидан ҳимояланиши, вояга етган фарзандлар ота-оналарига ғамхўрлик қилиши шарт экани алоҳида белгилаб қўйилиши бежиз эмас. Зеро, яқинларга мурувватли бўлиш – асрлар давомида авлоддан авлодга ўтиб келаётган беқиёс инсоний фазилатдир.

Кексаларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш муқаддас динимиз таълимотида алоҳида ўрин тутади. Кексалар деганда, биринчи навбатда ота-оналар тушунилади. Уларга яхшилик қилиш, мурувватли бўлиш ҳақида Қуръони каримда ҳам баён қилинган.

Инсон дунёга келганда жуда заиф ва нимжон бўлади. Аста-секин қувватга тўлади. Йиллар ўтиб кексайгач, қуввати кета бошлайди. Бу ҳолат ҳам Қуръони каримда ўз ифодасини топган: “Аллоҳ шундай зотдирки, сизларни заиф нарсадан (бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизлар учун) заифликдан кейин (қувват пайдо) қилди. Сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У билимдон ва қудратлидир” (Рум, 54).

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган чорва ҳайвонлари ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келган бўлар эди” (Имом Байҳақий ривояти).

Қайси хонадонда ота-она ёки улардан бири ҳаёт бўлса, ўша оила аъзоларининг бағри бутундир. “Қариси бор уйнинг париси бор”, дейилиши бежиз эмас.

Аллоҳ таоло кексалар туфайли бандаларга кўп марҳамат кўрсатар экан, ўз навбатида, бизлар ҳам уларнинг ҳурматларини жойига қўйишимиз, иззат-икром кўрсатишимиз лозим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) буюрганларидек: “Мўйсафид кишини ҳурмат қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш кабидир” (Имом Табароний ривояти).

 

Мирабдулло ТОЛИПОВ,

Наманган вилояти,

Чуст шаҳар “Каттабоғ”

жоме масжиди имом-хатиби