Қадриятларининг илдизи минг йилларга туташадиган, маънавияти бой халқмиз. Миллатимиз кечмишидан бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Минг йиллардан буён нишонлаб келинадиган Наврўз ҳам кўҳна қадриятларимиздан ҳисобланади. Мутахассислар Наврўзнинг қадимийлигини далиллашда Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарига таянишади. Бунга “Шоҳнома”дан, “Наврўзнома”дан, мумтоз шоиру адибларимиз асарларидан кўплаб мисоллар келтирилади.

Носириддин Рабғузийнинг қуйидаги сўзлари ҳам бу байрамнинг илдизи қадимият булоқларидан сув ичишини кўрсатади:

Кун ҳамалга кирди эрса,

келди олам Наврўзи,

Кечти баҳман, замҳарир қиш,

қолмади қори, бузи.

Дарҳақиқат, ҳижрий-шамсий йил ҳисоби бўйича ҳамал ойининг биринчи куни Йилбоши – Наврўз байрами ҳисобланади. Наврўзнинг баҳорги тенгкунликка тўғри келиши замирида ҳам чуқур маъно бор. Бу ҳол миллий байрамимизнинг табиат ҳодисалари билан нечоғлик мутаносиб эканини кўрсатиши жиҳатидан қимматлидир.

Доно халқимизда “Ҳамал кирди – амал кирди” деган нақл бор. Бу нақл, аввало, одамларнинг ўй-фикрлари, орзу-истакларини ифодалайди. Ҳамма йил обод келишини истайди. Чунки йилнинг ободлиги одамлар ҳаётининг фаровон бўлиши, уларнинг қалбида шукрона ҳиссининг кучайиши демакдир. Бошқа ойлардаги ёғингарчилик ҳам она-замин учун фойдали. Аммо ҳамалдагиси ерга ҳам, экин-тикиннинг, боғ-роғларнинг ҳосилига барака келтиришга энг муҳим сабабдир. Ҳосилнинг мўл бўлиши эса тўкин-сочинлик гаровидир.

Наврўз ва баҳор эгизак тушунчалардир. Баҳор асли ҳамалнинг биринчи куни – Наврўздан бошланган. Асрлар давомида бу кун ёруғ умидлар билан кутилган. Йилбошини муносиб нишонлаш учун наврўзий таомлар пиширилган. Сумалак – ана шу таомларнинг биридир. Бу таомнинг номи шу пайтгача форсча “се малак” (уч фаришта), “си малак” (ўттиз фаришта) деган шаклларда изоҳлаб келинди. Ушбу сўзнинг этимологияси турлича талқин этилди. Шарқшунос Абдусаттор Жуманазар “Сумалак” мақоласида (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси 2014 йил 28 март) бу сўз туркий тилга мансуб эканини исботлади. Бунда муаллиф Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асаридан олинган қуйидаги изоҳга таянади: “Сума – ивитилган буғдой номи”. Ана шу ўзакдан ясалган “сумалак” бизда баҳорги тенгкунликда пиширилган миллий таом номига айланган.

Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида шундай ривоят келтирилган: “Наврўз куни Али (розияллоҳу анҳу)га кумуш жомда ҳолва ҳадя қилинди. Шунда ул зот сўрайди:

– Бу нима?

Жавоб берилган:

– Наврўз туҳфаси.

Яна сўралди:

– Наврўз нима?

– Ажам халқларининг миллий байрами.

Бу жавобни эшитгач, Али (розияллоҳу анҳу) ҳолвадан еб, саҳобаларга тақсим этади ва: “Кошки ҳар кун Наврўз бўлса эди”, дейди.

Ҳазрат Алишер Навоий қуйидаги машҳур байтини ана шу ривоят таъсирида ёзган бўлса, ажаб эмас:

Ҳар тунунг қадр ўлубон,

Ҳар кунунг ўлсун Наврўз.

Қадр кечасининг улуғлиги Қуръони карим ояти билан собит бўлган. Ҳазрат Алишер Навоий ҳар кечанг қадр туни, ҳар кунинг Наврўз бўлсин, деган хайрли ниятни билдирган экан, бунинг замирида теран моҳият мужассам экани аён. Бу – ёруғ ният. Унинг амалга ошиши одамзод ҳаётининг ҳар бир лаҳзаси мазмунли, ўзи учун ҳам, жамият учун ҳам фойдали бўлишини таъминлаган бўлар эди.

“Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланган 2015 йилги қутлуғ Наврўз байрамини муносиб кутиб олдик. Миллий ва диний қадриятларимизга кўра, бундай айём кунларида кексаларнинг, ёлғиз ва кам таъминланган кишиларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг кўнглига қувонч бағишлаш улуғ савоб ишдир. Зеро, муҳтарам Юртбошимиз алоҳида таъкидлаганларидек: “Ҳар қандай жамиятнинг ёши улуғ одамларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги унинг маданий даражасини белгилайди”. Бу фикр халқимизнинг асл тийнатига хос экани билан ҳам, наврўзий удумларга ҳар жиҳатдан мувофиқлигига кўра ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

 

Абдуғани СУЛАЙМОН