Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...” (Исро, 70)

Аллоҳ таолонинг яратган махлуқотлари ичида энг азиз ва мукаррами инсон зоти экан, унинг ёшу кексаси ҳам, аёлу эркаги ҳам бирдек қадр-қимматга эгадир. Ислом дини инсон қадрини шу даража юқори кўтарганки, ҳатто у оламдан ўтгандан кейин ҳам қадрланади.

Аллоҳ таоло бу дунёда инсонни турли-туман қийинчилик ва мусибатлар билан имтиҳон қилади ва унинг имони қай даражада мустаҳкам эканини синовлардан ўтказади. Инсон саботи ва қатъияти ила мана шу имтиҳон ва синовлардан муваффақиятли ўтса, албатта, Аллоҳ таолонинг олий мукофотларига сазовор бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда марҳамат қилиб айтади:

Сизларни бир оз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг мулкимиз ва, албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир” (Бақара, 155-157).

Ўтмишда яшаб ўтган аждодларимиз ушбу ояти карима маъно ва мазмунидан келиб чиққан ҳолда бошларига келган ҳар қандай мусибат, қора кунлар, қатағон йилларининг мислсиз даҳшатлари олдида эсанкираб, ўзлигини йўқотишмади, мустаҳкам имон, Аллоҳ таолонинг раҳматидан доимо умидворлик уларга ҳар вақт ҳамроҳ бўлди ва келажакка катта умидлар билан боқишди.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар айтамизки, мана, бугун улуғ аждодларимиз орзу қилган буюк неъмат – Ватан озодлиги ва мустақиллигига эришилган нурли кунларга етиб келдик.

Бундай доруломон замон учун умрини тиккан оталаримиз, оналаримиздан кимлар бу кунларга етди, афсуски, кимлар етмади. Лекин уларнинг тиниқ орзулари тирик, эзгу ниятлар билан бошлаган амалларини авлодлар давом эттирмоқдалар.

Истиқлол йилларида улуғ аждодлар хотирасини қадрлаш, мамлакат тараққиёти, юрт озодлиги йўлида жонбозлик кўрсатган фидойи юртдошларимиз руҳини шод этмоқ учун эзгу амалларга бел боғлашдек савоб юмуш дилимиздаги ёруғ ниятлардан бирига айланди.

Дарҳақиқат, инсон – ҳаёт гултожи. Яратганнинг инъоми – онгу тафаккурнинг фақатгина одамзодга берилгани мазкур ҳақиқатга яна бир далилдир. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ва ғоялари асосида, мана, бир неча йилдирки, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланмоқда. Бу эса айни инсон зотига, унинг муқаддас ёдию умри давомида бажарган эзгу амалларига бўлган чексиз эҳтиром рамзидир. Шунинг учун ҳам пойтахтимиздаги Хотира майдони ҳар доим гавжум. Жанггоҳларда жон фидо этган ватандошларимиздан қарийб 435 минг нафарининг номи “Хотира китоби”нинг зарҳал варақларига мангу муҳрланган. Юртбошимиз ташаббуси билан кейинги пайтда яна 3725 нафар ҳамюртимиз – Иккинчи жаҳон урушида бедарак кетганларнинг номи аниқланиб, ушбу китоб саҳифаларига қайд этилди.

Давлатимиз доим уруш қатнашчилари, кекса ёшдаги отахонларимиз, онахонларимиз ва барча нафақахўрларга катта диққат-эътибор билан ғамхўрлик қилиб келмоқда. Ҳукуматимиз уларнинг моддий фаровонликларини янада яхшилаш мақсадида бир қатор қарорлар қабул қилдики, бу барчани чин дилдан хурсанд этди. Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланиши ва ҳар йили “1941 – 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони эълон қилиниши бунинг ёрқин далилидир.

Албатта, биз ҳамиша ўтганларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни бажарамиз, Қуръони карим оятларидан тиловатлар қилиб, руҳларига бағишлаймиз. Зеро, ўтганларни эслаш ва уларга истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ва ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр, 10).

Шунингдек, ўтганларимизни доимо яхши сифатлар билан эслаш ҳам бурчимиздир. Бу ҳақда жуда кўп оят ва ҳадислар ворид бўлган. Жумладан:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) деганлар: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” (Термизий ривояти).

Шариатимиз кўрсатмаларига кўра ўтганларнинг қабрларини зиёрат қилиш суннат амаллардандир. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан кейин шундай марҳамат қилганлар: “Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро, у сизларга охиратни эслатади” (Термизий ривояти).

Демак, қабристонга борганда у ерда ётган марҳумларнинг аҳволини ўйлаб, ундан ҳар ким ўзига ибрат олиши лозим. Зеро, улар ҳам бизлардек яшаганлар, турли амалларни қилиб ўтганлар. Ҳозирда Аллоҳнинг ажри ёки уқубатига сазовор бўлган ҳолда ётишибди. Бу эса инсонни фикр қилишга ундайди. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўлим насиҳат олиш учун етарли ҳодисадир” (Табароний ривояти) деганлар.

Қабристонни зиёрат қилиш чоғида қуйидагиларга алоҳида эътибор бериш лозим. Аввало, қабристонга салом бериб, хокисорлик билан кирилади. Сўнгра марҳумлар руҳига бағишлаб тиловати Қуръон ҳамда дуои хайр қилинади. Бунинг, албатта, маййитлар учун фойдаси бор. Шунингдек, мозорларни обод қилиш ҳар биримизнинг муҳим ишларимиздан эканини унутмаслигимиз зарур.

Агар биз аждодларимиз руҳларини шод этиш мақсадида уларни қанчалик кўп хотирласак, фарзандларимиз ҳам бундан яхши ибрат оладилар. Зеро, улар ҳам бизларни шундай хотирлаб, дуойи хайрларда бўлишади.

Аллоҳ таборака ва таоло барча ўтганларимизни Ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ижобат қилиб, қолганларга фаровон ҳаёт, тинчлик ва офият ато этишини сўраймиз! Озод ва обод Ватанда фарзандларимиз биздан кўра бахтлироқ бўлиб камолга етишини, осойишталик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибатлилик, тараққиёт жонажон Ўзбекистонимизда ҳамиша барқарор бўлишини тилаб дуодамиз.

Усмонхон Алимов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий