Ҳур диёримизда инсонпарварликни улуғловчи байрам – Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланди

Пойтахтимиздаги Хотира майдони ҳар доимгидан ҳам гавжум бўлди. Мотамсаро она ҳайкали пойи анвойи гулларга бурканди. Юрт озодлиги йўлида жон фидо қилган ўғлонлар руҳини шод этиш билан бирга ҳозирда ҳаёт бўлган нуроний отахон ва онахонларга ҳам чексиз эҳтиром кўрсатилди.

Мотамсаро она ҳайкалида ўзим таниган-танимаган, билган ё қисматини эшитган аёллар сиймосини кўраман. Урушга кетган навқирон ўғли ёки меҳрибон жуфти ҳалоли йўлига кўз тикиб изтиробдан қадди букилган, сочи оқарган онахонларнинг тимсолини кўраман. Яна унда... отам ва амакиларимни урушга кузатганда қон йиғлаган, қалби хун бўлган Адолат бувим қиёфасини кўргандай бўламан.

Уруш тугагач, амакиларим ярадор бўлиб қайтишди. Отамдан эса қорахат келди. Беш яшар бола эдим. Бувам, бувим, қавм-қариндошлар дод солиб йиғлаганини элас-элас хотирлайман.

1941 йилда урушга кетган тоғам Омилали Комиловнинг олти фарзанди етим қолди. Тўнғичи ўн икки, энг кенжаси олти ойлик чақалоқ эди. Келинойимиз фарзандларини ёлғиз ўзи тарбиялаб, вояга етказди. Аёл боши билан маҳалладаги новвойхонада меҳнат қилиб кун кечирди.

“Қани эди эшикдан болаларимнинг отаси кириб келсалару ўзлари бош-қош бўлиб тўйлар қилсак...” Келинойининг бот-бот такрорлайдиган бу гапи армонлигича қолди.

Унинг кундалигини варақлар эканман, кўзимга ёш қуйилади: “Қиш билан баҳорда очликдан қийналардик. Тонг ёришмасидан далага чиқилади. Тушликка дала шийпонида қозон осилади, маставами, мошхўрдами қайнатилиб, ҳар бир колхозчига бир товоқдан берилади. Мен улушимни олиб, тез уйга жўнайман. Товоқдаги овқатни болаларга тақсимлаб бериб, яна далага қайтаман...”

Бешафқат уруш туфайли ҳаётнинг аччиқ заҳматларига дучор бўлган, машаққати, синовларига сабр қилган бундай аёлларнинг сони, мамлакат миқёсида чамаласак, миллиондан ортади. Уларнинг қалбини умрбод эзган ғам, соғинч изтироби, жудолик аламини эса на санаш, на чамалаш, на таърифлаш мумкин.

"Мотамсаро она" пойида туриб, ғамбода оналар сиймоси фақат тош ҳайкалларда қолишини, юртимизда доим бугунгидек тинчлик ҳукм суришини, фарзандларимиз, авлодларимиз уруш нима эканини билмаслигини Яратгандан илтижо қилиб сўрайман. Аллоҳ Ватан сарҳадларини, халқини мардонавор ҳимоя қилиб ҳалок бўлган ўғлонларни Ўз раҳматига олган бўлсин.

 

Неъматилла САЪДУЛЛАЕВ