Киши фарзандли бўлганида бениҳоя қувонади, яқинлари уни муборакбод қилади.

Абдулла Қодирийнинг машҳур “Ўтган кунлар” романида фарзанд туғилганида хушхабар етказиб, суюнчи сўраш бундай тасвирланади: “...Орадан кўп фурсат ўтмади, ичкаридан Ойбодоқ югуриб чиқди ва даричадан туриб “Суюнчи!” деди. Юсуфбек ҳожи ёнчиғини кавлай туриб алҳамдулиллоҳ, деб қўйди. Ҳасанали ҳам илжайиб ён кавлашга тутинди ва:

– Ўғулми, ҳолва? – деб сўради хотинидан.

– Ўғул!

– Баракалла.

Ҳожи кулимсираб қўлидаги уч-тўрт оқ танга билан битта тиллани Ойбодоққа узатди. “Тангаларни ўзинг ол, тиллани доячага бер!” деди. Ҳасанали суюнчини топширганидан сўнг дуога қўл очди: “Аллоҳ таоло умри билан берган бўлсун!”

Фарзанд кўрган аёл оналик бахтига мушарраф бўлади. У мол-давлати, мансаб-мартабаси туфайли сезмаган ҳузурни ҳис этади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларидан бирида фарзанд ҳақида: “Гўдаклар жаннат райҳонларидир” деганлар. Ҳазрат Фотима онамиз туғилган вақтларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло бу райҳонни менга ҳидлаб туришим учун ризқ қилиб берди”, дедилар.

Ҳар бир неъмат учун банда Аллоҳ таолога шукр қилиши лозим. Фарзанд неъматининг шукри эса унга чиройли тарбия беришдир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Ота-онаси эса уни яҳудий ё насроний ёки мажусий қилиб тарбиялайди", дедилар» (Имом Бухорий, Абу Довуд, ИмомТермизий ривояти).

Фарзандни соғлом эътиқодда вояга етказиш ҳам ота-онанинг бурчидир. Чунки ақидаси тўғри бўлган фарзанд ота-онага меҳрибон, раҳм-шафқатли, Ватанига содиқ, фидойи, мурувватли, комил инсон бўлиб вояга етади.

 

Олимхўжа ШАМСИХЎЖАЕВ,

Зангиота тумани “Эшон бува” жоме масжиди имом-хатиби