Шу йил 6 март куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ўтказилган "Динлараро бағрикенглик – тараққиёт омили" мавзуидаги анжуман Дин ишлари бўйича қўмита ташкил топганининг 20 йиллигига бағишланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига (1992 йил 7 март) мувофиқ ташкил этилган. Қўмита ҳар бир шахс­нинг виждон ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, фуқароларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар тенглигини таъминлаш, шунингдек, диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш ваколати берилган давлат бошқаруви органи ҳисобланади. Қўмита Давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда иш юритади. Юртимиздаги диний ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, турли дин ва конфессиялар фаолиятига ёрдам кўрсатиш, жамиятда динлараро ва миллатлараро тинчликтотувликни таъминлаш юзасидан таклиф ва чора-тадбирлар ишлаб чиқади.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг виждон эркинлигини таъминлаш ва жамиятда диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган фаолия­ти икки асосий тамойилга, яъни, диний ташкилотларнинг ички ишига аралашмаслик ва улар билан икки томонлама самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга асосланади.

Ҳаж зиёратини ташкил этиш бўйича қатор йиллардан бери Ўзбекистон Саудия Арабистони Подшолиги Ҳаж вазирлигининг олқишларига сазовор бўлиб, бошқа давлатларга ўрнак қилиб кўрсатиб келинмоқда. 1991 йилдан шу кунгача ҳажга 82848, умрага 56138 нафар юртдошимиз бориб келишга муяссар бўлди.

Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида Конфессиялар ишлари жамоатчилик кенгаши ташкил этилган. Юртимизда истиқомат қилаётган, турли дин ва конфессияларга мансуб 130 дан ортиқ миллат, элатларнинг борлиги давлат ва ҳукуматнинг диний соҳага бўлган эътиборини янада оширади.

Анжуманда сўзга чиққанлар республикамизда конфессиялараро дўстлик ва ҳамкорликни таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо бериб, бу ишлар жаҳон ҳамжамиятига ибрат бўлиши ҳақида фикр билдиришди.