Ёруғ дунёда кўз очгандан юмгунимизча кўрган, эшитганларимизнинг ҳаммаси ибрат. Бу ҳақиқатни англаган қалб атрофидаги каттаю кичик нарса-ҳодисалардан сабоқ олади.

Кўз нурлари ўрнини сабр-қаноат, шукрона тиниқлиги тўлдириб бораётган Шарифахон онанинг юзларидаги чуқур-чуқур чизиқлар не-не синовлардан ўтганини шарҳлаб тургандек. Камсуқум, камгаплиги мевазор боғлар дарахтларини эслатади. Қишнинг изғиринлари, шамолу бўронларидан омон чиқиши билан гулларга бурканиб мева тугади, жонзотларга неъматлар тутади улар. Мевалари юкидан шохлари, қадди букилса-да, сокин, чидамли, бардошли...

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи Шарифахон она иккинчи жаҳон уруши йилларида ўсмир қиз эди. Юртимиз мустақил деб эълон қилингунича, яъни умрининг олтмиш йили тарихимиз саҳифаларида қолган қаттиқ синовли даврларда кечди.

– Ота-оналаримиз учун биз – фарзандларнинг қорни тўқ, устимизни бут қилишнинг ўзи ҳам бир умрлик муаммо, армон бўлиб кетди, – дея олис йилларни кўп эслайди онахон. – Талонга бериладиган қоп-қора нонни олиш учун қаҳратон қиш кечалари навбатда туриб тонг оттирардик. Онам эрта вафот этиб, ука ва сингилларимга бош бўлиб қолдим. Далада ишладик, маҳалламиздаги Баҳри чеварга шогирд тушиб кашта, дўппи, кийимлар тикишни ўргандим. Хуллас, ақлимизни таниганимиздан бошимизга тирикчилик ташвиши тушган. Оғир кунлар ҳақида гапириб одамларнинг дилини ғаш қилгинг келмайди, лекин ёшлар ҳаётнинг, ўзларига яратилган шароиту имкониятларнинг қадрига етсин, дейман-да! Бугун фарзандларим, невара-чевараларимнинг ишлаши, билим олиши ва ҳунар ўрганиши, ҳаётини чиройли ўтказиши учун яратилган шароитлардан бохабар бўлганим сайин, Аллоҳ пиру бадавлатлик ёшига ҳамда шу кунларга етказганига шукроналар қиламан. Ота-она учун ўғил-қизларининг яйраб-яшнаб ўсаётганини кўриш бу дунёнинг энг ширин бахти бўлса керак.

Шарифахон она раҳматли турмуш йўлдоши Шукур ака билан беш фарзандни тарбиялаб, вояга етказишди. Улар турли соҳа вакиллари: шифокор, муҳандис, агроном, ҳайдовчи. Қаерда бўлмасин, меҳнатсеварлик, эл ишига жонкуярлик, хушмуомалалик, қариндош ва қўни-қўшниларга меҳру оқибатли бўлишни ота-оналаридан мерос қилиб олишган. Катта оила аъзолари йиғилганда, хонадон мисоли тўйхона бўлиб кетади. Саноғи элликдан ҳам ортадиган тўрт авлод вакилларининг яна бир фазилатларини алоҳида таъкидлагинг келади: “Хонадонимизнинг файзу баракоти сабабчиси” деб Шарифахон онани эъзозлаб, меҳру муҳаббатлари кафтида асраб-авайлайдилар. Юртимизга, халқимизга, улар қаторида ўз жигаргўшаларига тинчлик, осойишталик, хайрли кунлар тилаб онахоннинг диллари, тиллари ҳамиша дуода.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА