Муҳтарам Юртбошимизнинг 2015 йил 9 май Хотира майдонида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда: «Биз бугун, ҳақиқатан ҳам, қандай гўзал, бетакрор заминда яшаяпмиз. Шу маънода, “Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган саволни олдимизга қўйиб, ҳозирги ҳаётимизни кечаги кунимиз билан солиштирадиган, қиёслайдиган бўлсак, ўйлайманки, орамизда Ватанимизнинг бугунги тараққиёти билан фахрланмайдиган, буни қадрламайдиган одамнинг ўзи йўқ, десам, адашмаган бўламан», дедилар.
Бугунги кунда ватанимиз тараққиётини дунё тан олмоқда. Яқинда Колумбия университети (АҚШ) социологларининг “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” деган тадқиқоти натижалари эълон қилинди. Ўзбекистонимиз мазкур рейтингда 158 мамлакат орасида 44-, Мустақил Давлатлар Ҳам­дўстлигида эса биринчи ўринни эгал­­­ла­ган.
Келинг, энди қиёсга ўтайлик. Тарихга назар ташласак,  шўролар даврида  динимиз таъқиб остига олиниб, юзлаб масжид, ўнлаб мадрасалар йўқ қилинганига гувоҳ бўламиз. 1911 йилда республика бўйича жами 80 та масжид номигагина рўйхатда турар, уларнинг ҳам тўлиқ ишлашига имкон берилмас эди. Бугунги кунга келиб, мустақил ватанимизда 2000 дан ортиқ масжидда юртдошларимиз эмин-эркин ибодат қилмоқда. Жумладан, бизнинг Бўстонлиқ туманимизда ҳам 24 та масжид фаолият кўрсатяпти.
Мустақилликкача юртимизда 2 та диний ўқув юрти ишлаб турган. Ҳозир уларнинг сони 13 тага етди ва бу билан имомларнинг диний маълумотини оширишга эришилди. Аниқроқ айтсак, 1990 йилда махсус диний маълумотга эга бўлган имомлар  тўрт фоизни ташкил қилган бўлса, бугунга келиб, бу кўрсаткич юз фоизга етди десак, муболаға эмас. Рамазон ва Қурбон ҳайитлари умумхалқ байрамига айлантирилиши, юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар асарларининг чоп этилиши, мусулмонлар ҳаж ва умра сафарларига бориш, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш имкониятига эга бўлиши ва бундан ташқари қанчадан-қанча ютуқларимиз борки, санаб, саноғига етиб бўлмайди.
Шундай экан, инсон тинчлик-хотиржамликда ўтаётган ҳар бир кунига Яратганга шукроналар айтиб, юртини ҳар хил фитна-фасодлардан ва турли бало-офатлардан асрашда ҳиссасини қўшиб бормоғи зарур. Бу унинг келажак авлод олдидаги бурчи, аждодларига берган ваъдасига вафосидир. Зеро, ваъдага вафо қилиш – мўминга хос амал. Баъзида “Ватанига хиёнат қилибди” ёки “Арзимаган бойлик ва мансаб учун юртини сотибди”, деган гап­лар қулоғимизга чалиниб қолади. Ўйлаб қоласан, наҳотки шу ишларни  фаришталардан ҳам мақоми баланд бўлган Одам Атонинг авлодлари қилган бўлса? Тарихга назар ташласак, инсоният яралганидан бери одамлар ўз юртини ҳимоя қилиб келганига гувоҳ бўламиз. Ҳатто ҳайвонот олами ҳам ўзининг ҳудудига бегоналар кирмаслиги учун жонини хатарга қўяди. Демак, ватанга хиёнат қилиш нафақат инсониятга, балки ҳайвонот оламига ҳам ёт бўлган иллатдир.
Бугунги кунда жонажон Ўзбекистони­мизда тинч-тотув ҳаёт кечирар эканмиз, ўтган кунларни унутишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Фарзанду набираларимизга ўтмиш ва бугунни қиёслаб, тарихимиздан сабоқ берайлик. Бугунимизни қадрлашни, кўз қорачиғидай асрашни ўргатайлик. Истиқлолимиз, тинч-тотув ҳаётимиз учун ҳар қанча шукр қилсак, оз.
 
Маҳмуджон АБДУСАИТОВ,
Бўстонлиқ тумани бош имом-хатиби 
вазифасини бажарувчи