Истиқлол йиллари барча соҳаларда бўлгани каби диний ва миллий қадриятларимизни қайта тиклаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Шулардан бири муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан 2008 йил Имом Бухорий халқаро маркази ташкил этилганидир.
Марказ олимлари муқаддас Ислом дини, Қуръони карим оятлари ва ҳадисларнинг асл мазмун-моҳиятини, юртимизда асрлар давомида шаклланган ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асос­ларини, юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, қомусий алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, халқ оммаси, хусусан, ёшлар орасида тарғиб ва ташвиқ қилиш сингари вазифаларни бажаради. 
Бугун марказ олимлари алломаларимизнинг бой меросини ўрганиш, улардан кенг халқ оммасини хабардор қилиш йўлида самарали ишлашяпти. Бу ердаги манбалар хазинасида араб ва форс тилларида битилган саккиз юздан ортиқ нодир қўлёзма ва тошбосма асарлар сақланади.
Имом Бухорий халқаро марказининг муҳим вазифасидан яна бири мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган жоме масжидлари имом-хатибларининг диний ва дунёвий илмлар бўйича касбий малакасини оширишдан иборат. Бу йўналишдаги ўқувларга давлат ва дин арбоблари, таниқли олимлар, соҳа мутахассислари жалб этилган бўлиб, машғулотлар етти йўналиш бўйича элликка яқин мавзуда олиб борилади. 2008 йилдан жорий йилнинг май ойигача 2066 нафар имом-хатиб ўқувларда иштирок этди.
Имом-хатиблар ҳар доим халқ билан бирга, эл ичида бўлишади. Демак, динимизнинг асл моҳиятини халқимизга етказишда улар­нинг ўрни жуда муҳим. Бу ерда малака оширган имом-хатиблар қисқа вақт ичида кўп нарсани ўрганиб, ўзлаштириб олади. Ўқиш жараёнида берилган мавзулар бўйича илмий изланишлар қилади. Компьютер ва информатика фанидан сабоқ олади. Ўтилган дарслар юзасидан тест синовлари топширади. Сабоқлар, синовлар касбига янада масъулият билан ёндашишига сабаб бўлади. Чунки бу ерда барча қулай шароитлар яратилган. Компьютер, маънавият ва маърифат хоналари, спорт майдончаси, ошхона, шинам ётоқхона тингловчилар хизматида.
Бугун Имом Бухорий халқаро маркази директори Шовосил Зиёдов бошчилигидаги жамоа буюк аждодларимиздан қолган беназир маънавий меросни илмий асосда чуқур таҳлил этиш, халқ орасида тарғибу ташвиқ қилиш борасида хайрли ва савобли ишларни амалга оширмоқда. Улар кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътиборни ҳис этган ҳолда, амалий фаолият самарасини янада юксалтиришни мақсад қилишган. Бу ишлар нафақат мусулмонлар, балки бошқа дин ва конфессиялар вакиллари учун ҳам катта аҳамиятга эга. Марказда тайёрланган китобларнинг асосий ғояси динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, алоқаларни ривожлантиришдек эзгу мақсадга йўналтирилган.
 
Муҳаммад СИДДИҚ