Шу йил 9 май куни пойтахтимиз Тошкент шаҳрида "Хотира ва қадрлаш куни"га бағишланган маросимда оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб берар экан, муҳтарам Юртбошимиз мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг бугунги ва эртанги ҳаёти, минтақамиз ва жаҳондаги мавжуд вазиятга доир ўта муҳим ғоя ва хулосаларни баён этиб, жумладан, шундай деди: «Бугун нишонлана­ётган Хотира ва қадрлаш маросимининг маъно-мазмуни, яъни, ўтганларни эслаш, ҳаёт бўлганларни қадрлаш, Ватанни ҳимоя қилиш, уни дахлсиз сақлаш каби олижаноб фазилатларни ёш авло­димизнинг онгу тафаккурига синг­дириш, фарзандларимиз, болаларимизнинг биз киммиз, кимнинг авлодимиз, деб ота-боболаримизнинг жасоратидан ибрат олиб, мана шу мусаффо осмонни, она-юртимизни биз асрамасак, ким асрайди, деган эътиқод билан яшаши, ҳеч шубҳасиз, бугунги ва эртанги ҳаётимиз учун жуда катта аҳамиятга эга».

Ана шу фикрларни халқимиз, аввало, ёшларнинг қалби ва онгига сингдириш биз диний уламолар, имом-хатибларнинг ҳам долзарб вазифамиздир. Бу борада барча имкониятларни ишга солиб, ёш авлодимизнинг онгини зарарли таъсир ва хуружлардан ҳимоя қилиш, миллий қадрият ва анъаналаримизни асраш каби хайрли ишларга ўз муносиб ҳиссамизни қўшамиз.