Юртимиз беназир алломалар юрти. Улар таратган илму маърифат зиёси ҳамон бутун дунёни лол қолдириб келмоқда.  Шу сабаб аждодларимиз илмий меросини ҳаётга татбиқ этиш, улар мангу қўним топган масканлар – зиёратгоҳларни аслидек сақлаш барчамизнинг олдимизда турган ҳам шарафли,    ҳам масъулиятли вазифа саналади. 

Таъкид жоизки, қадамжолар ва тарихий обидаларни талаб даражасида сақлаш ва инфратузилмасини такомиллаштириш, ободонлаштириш ишларига давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ, “Тарихий хотирасиз келажак йўқ”, шиори остида тарихий обидалар, зиё­ратгоҳлар ва қадамжоларни ободонлаштириш йўлида бир қанча ишлар амалга оширилди. Ана шундай хайрли ишларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Жамғарма томонидан ке­йинги йиллар давомида юртимиздаги қадамжо ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги диний таълим муассасаларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ёрдамга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича хайрия ишлари амалга оширилди.
Жумладан, ўтган 2015 йилда Тошкент шаҳрининг "Ҳазрати Имом" мажмуаси таркибидаги Бароқхон мад­расасида жамғарма томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, Ҳазрати Имом жоме масжидининг иситиш тизимидаги носозликлар бартараф этилиб, намозхонларнинг қулай шароитларда ибодатларини амалга ошириш­ларига имконият яратилди. 
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакиллик биносида ва Сирдарё вилоятидаги “Ховос” жоме масжидида ҳам кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Маълумки, бир неча йиллардан буён Хоразм вилояти Шовот туманида жойлашган “Юсуф Ҳамадоний” мажмуасида жамғарма томонидан катта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилиб келинаётган эди. Ўтган йили ҳам ана шундай хайрли иш давом эттирилди. 
Самарқанддаги “Шоҳи Зинда”, Қашқадарё вилоятидаги “Дорус саодат” мажмуаларида ҳам жамғарманинг моддий ва маънавий кўмаги, бевосита раҳбарлиги остида кенг кўламли ободонлаштириш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. 
Аждодларимизнинг илмий-­адабий меросларини тадқиқ этиш юзасидан ҳам жамғарма ҳомийлиги остида бир қанча ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Шайх Хованди Тоҳур ёдгорлик мажмуаси” китоби, “Шоҳи Зинда меъморий маж­муасининг битиклари” каталоги чоп этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги диний таълим муассасалари моддий техника базасини яхшилаш, мударрис ва талабаларга қулай шароитларни яратиб бериш ҳам жамғарма олдига қўйилган вазифалардан саналади. Бу борада ҳам 2015 йилда кўзга кўринарли ишлар қилинди. Мадрасаларда фаолият юритаётган энг яхши мударрисларни, муваффақиятли фаолият олиб бораётган фаол имом-хатибларни рағбатлантириш, талабаларга моддий кўмак бериш борасида қилинаётган ишлар ҳам таҳсинга лойиқ. 
Шу билан бир қаторда Нукус шаҳридаги “Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртининг моддий базасини мустаҳкамлаш  йўлида амалий ёрдам кўрсатилди. Намангандаги “Мулла Қирғиз” ўрта махсус ислом билим юрти ётоқхонаси юмшоқ мебель жиҳозлари билан таъминланди. 
Жамғарма ҳомийлигида амалга оширилган хайрли ишлардан яна бири – Китоб туманидаги "Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юрти талабалари учун шинамгина ошхона қуриб берилди.
Юқорида санаб ўтилган ишлар жамғарма томонидан олиб борилаётган хайрли фао­лиятнинг бир қисми, холос. Бундан буён ҳам хайрли ва савобли ишлар изчиллик билан давом эттирилади. Зеро, динимиз бизни доимо инфоқ-эҳсон қилишга чақиради, бу савобли амалга бериладиган улуғ ажрлар такрор-так­рор айтилади. Аллоҳ таоло Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармасига доимо яхши ишларда ёрдамчи бўлиш саодатини насиб этсин!
 
Исахон АБДУЛЛАЕВ, 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси ижрочи директори