Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи Уй – Бакка (Макка)даги муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлмиш (Каъба)дир. Унда аниқ аломатлар – «Мақоми Иброҳим» бордир. Унга (Каъбага) кирган киши омонда бўлур. Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир. Кимда-ким (буни) инкор этса, бас, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир”(Оли Имрон, 96–97).     
Бир ҳадиси шарифда бундай дейилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳожи уловининг ҳар бир қадам ташлашида Аллоҳ таоло ё ажр-савоб битади, ё бирор гуноҳини ўчиради ёки мақомини бир даража кўтаради” (Имом Байҳақий).
 
Мазкур оят ва ҳадисдан маълумки, ҳаж ва умра ибодатини ихлос ила, тўла-тўкис адо этган ҳар бир зиёратчига буюк ажр-савоблар умид қилинади. 
Пайғамбаримиз (алайҳис­салом)нинг мазкур ҳадисларидан биз мусулмонлар муборак сафар давомида берилган улкан имкониятдан, ғанимат дамлардан унумли фойдаланишимиз зарурлигини тушуниб олишимиз керак.
Масалан, Ҳарами шарифда ўқилган намознинг савоби юз минг баробар кўпдир. Демак, кунлик беш  вақт намозни Ҳарами шарифда ўқиган ҳожи ёки зиёратчи ўртача умри бўйи ўқийдиган намозлари йиғиндисидан ҳам кўп ажрга эга бўлиши мумкин.  
Уламоларнинг фикрича, бу ердаги ҳар бир яхши сўз, ҳар бир яхши амалнинг ажри-савоби ҳам юз минг баробар кўпдир. Бундай буюк имконият ва фурсатни ғанимат билиш лозим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ким Аллоҳ учун ҳаж ибодатини ножўя сўз сўзламай, фисқу фу­жур қилмай адо этса, онаси­дан туғилган кунидагидек (гуноҳ­лар­дан пок­ланиб)  қайтади”, деганлар.
Савоби улуғ, ажри буюк бу ибодат ҳар доим ҳар бир мусул­моннинг энг катта орзу­си бўлиб келган. Ҳар йили минг­лаб юртдошларимиз ана шу ният­ларига етишмоқдалар, ҳаж ва умра ибодатини адо этиб қайтишмоқда. Яқинда Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж ишлари вазирлиги таклифига биноан Ўзбеки­с­­­­тон Ҳаж деле­гацияси муқаддас заминда бўлдик. Сафар доирасида бу йилги ҳаж ва умра мавсумларини тартибли, талафотсиз ўтказиш, мусулмонлар ибодатларни энг яхши шароитларда адо этиш­лари учун имкон яратиш билан боғлиқ бўлган барча масалалар атроф­лича ўрганилди.
Маккада ҳожиларимиз яшаб туриши мумкин бўлган “Меридиан”, “Бишар Мавадда”, “Ал-ҳидоя”, “Нама Мавадда”, “Муҳаммадия” ва “Ро­жиҳий” меҳмонхоналари ҳамда Мади­на­да “Жавҳар ал-Мавадда” меҳ­мон­хона­сининг шарт-шароит­лари билан танишдик.
Бирлашган вакилликлар миллий муассасасининг Мадина  шаҳридаги ҳайъати аъзо­лари билан суҳбатда муас­саса раҳбари Хотам ибн Жаъфар Балий ўзбекистонлик ҳожиларнинг ўтган ҳаж мавсумидаги фаолияти­ни ижобий баҳолади. Янги ҳаж мавсумида самолётлар қатнови жадвали, ишчи гуруҳи қароргоҳи, алоқа телефонлари борасида фикрлар алмашилди. Шунингдек, транспорт хизмати таш­ки­лоти­нинг раҳбари Аҳмад ибн Абдулла Самбава бошчилигидаги ҳайъат аъзолари билан учрашув ўтказилди. Бу йилги ҳаж мавсумида Зулҳижжа ойининг 5-кунига қадар барча ҳожилар Макка шаҳрига етиб боришлари зарурлиги эслатиб ўтилди.
Юртдошларимиз номидан ўтган ҳаж мавсумини тартибли  ва юқори даражада ўтказишда кўрсатган ёрдамлари учун Ҳаж вазирлигининг барча идо­ра ва вакилликларига миннатдорчилик билдирдик. Бу йил Ўзбекис­тондан борадиган ҳожилар миқдори 5000 киши этиб белгиланди. 
Умра ва ҳаж мавсуми бу даражада уюшқоқлик билан ўтказилаётгани ва яхши натижалар энг аввало юртимизда ҳукм сураётган тинчлик сама­расидир. Бу неъматларни ато этган Ҳақ таолога беҳисоб шукр­лар айтиб, барча хайр­ли ишларимизда Яратганнинг Ўзи мададкор бўлишини сўраб дуо қилдик.
 
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий