Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари сони яна биттага кўпайди. "Оила даврасида" ижтимой-сиёсий, маънавий-маърифий газетасининг илк сони 100 минг нусхада чоп этилди. Газета жамиятимизда оила институтини, эзгу қадриятларни янада мустаҳкамлаш, юртимизда бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни тарғиб этиш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида, азалий қадриятларимизга чуқур ҳурмат, соғлом ва маънавий баркамол инсонлар этиб тарбиялашдек олижаноб мақсадларга хизмат қилишни ният қилган. Газета "Мустаҳкам оила йили" Давлат дастури доирасида ташкил этилди.

Янги нашрда мамлакатимизда босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, азалий миллий анъана­ ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, оила аталмиш муқаддас қўрғонни мустаҳкамлаш масалаларини кенг ёритиш, турли жанрдаги қизиқарли мақолаларни чоп этиб бориш кўзда тутилган. Халқимиз учун муқаддас бўлмиш оилага оид қадриятларнинг тарғиботи аҳиллик ва иноқлик, садоқат ва меҳр-мурувват каби эзгу инсоний фазилатларнинг жамиятимизда янада мустаҳкамроқ қарор топишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз.