Халқимиз бутун умрини, орзу-умидларини фарзандининг камоли, унинг порлоқ келажаги учун фидо этади. Ҳаётининг йўл-йўриғини ҳам шунга кўра тузади. Бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шароитлардан кўзланган асосий мақсад – Ватанимизнинг порлоқ келажаги учун васила бўладиган соғлом авлодни тарбиялашдир. 
“Оила, маҳалла, таълим муассасаси” номли янги рукнимизда санаб ўтилган ана шу учлик ҳамкорликда олиб бораётган амалий ишлар билан бир қаторда таълим-тарбияга оид маълумотлар, динимизнинг бу борадаги кўрсатмалари ҳақида сўз боради. 
 
Динимиз амр этган вазифалардан бири – фарзанд тарбия­сидир. Ота-оналар ўз авлодлари тарбиясига жиддий эътибор беришлари ва ҳар қандай шароитда ҳам бунинг учун вақт топишлари лозим. Ёшларнинг нотўғри йўлга кириб қолиши, ёмон ахлоқи ва унинг нохуш оқибатлари учун барчамиз жавоб­гармиз. 
Чиройли одоб, гўзал ахлоқ, мус­таҳкам имон-эътиқод ўз-­ўзидан шаклланмайди. Бу ишларда, албатта, ота-она ибрат ва намуна бўлишлари лозим. Уламоларимиз тарбиянинг уч босқичини санаб ўтганлар: одоб ўргатиш, таълим бериш ва жисмоний чиниқтиришдир.
Ота-она ва ёшлар тарбияси билан шуғулланувчи устозу мураббийлар бола вужудининг тўғри ривожланиши, жисмонан бақувват-соғлом бўлиши учун жавобгардир. Бу борада жисмоний тарбиянинг ўрни беқиёс: югуриш, камон отиш, сузиш каби спорт машғулотларининг аҳамияти катта. 
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ишларга тарғиб қилиб: “Аллоҳ номи зикр этилмаган ҳар қандай нарса беҳудадир. Фақат тўрт хислат – камон отиш учун икки нишон ўртасида юриши, отини парваришлаши, аҳлига кўнгилхушлик қилиши ва фарзандларига сузишни ўргатиши бундан мустасно”, дея марҳамат қилганлар (Имом Насоий ривояти).
Мамлакатимиз мустақил бўлган илк кунларданоқ болалар ва ўсмирларнинг соғлом, бақувват, баркамол бўлишлари учун шароитлар муҳайё қилинмоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларида болаларнинг, айниқса, ўсмирларнинг соғлом ўсиб улғайиши, илм олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун имкониятлар яратилмоқда. Бу борада жамоат ташкилотларининг ҳам ҳиссаси беқиёс. 
Муҳтарам Юртбошимиз раислигида жорий йилнинг 11 февраль куни Оқсаройда Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг нав­батдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари жамғарма ташкил этилганидан буён, хусусан, 2015 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида атрофлича фикр юритиб: “Бизнинг қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз тараққиётида ҳар томонлама фахрланишга арзийдиган буюк алломалар, енгилмас саркардалар, паҳлавон ва баҳодирлар жуда кўп бўлган. Бугун ёшларимиз ана шундай улуғ аждодларимизнинг ворис­лари сифатида барча жабҳаларда, жумладан, спортда ҳам дунё миқёсида энг юксак шоҳсупаларга кўтарилиб, халқимизнинг ғурур ва ифтихорини оширмоқда”, деб алоҳида таъкидладилар.
Дарҳақиқат, жисми соғ, чиниққан, ҳар қандай машаққатларга дош бера оладиган инсоннинг эътиқоди кучли, мус­таҳкам бўлса, бундай фарзанд келажакка қўйилган мустаҳкам пойдевор бўлади. 
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам бу жиҳатга эътибор қаратганлар: “Кучли мўмин киши Аллоҳ наздида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”(Имом Муслим ривояти).  
Ватанимизда бугун энг долзарб масалалардан бири айнан соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш бўлиб турибди. Амалга оширилаётган давлат дастурлари, ислоҳотлар ҳам шунга қаратилган.  Азалий анъанага кўра, бугун оила, маҳалла ва таълим муассасасининг ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улар биргаликда йўлга қўяётган таълим-тарбия, болаларнинг бўш вақтдан унумли фойдаланишини ташкил этиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, спортнинг бирор тури билан шуғулланишига қаратилаётган ҳаракатлар маълум маънода ўзини оқламоқда, десак муболаға бўлмайди. 
Ота-она ва устозлар ёрдамида ҳар бир боланинг қизиқиш ва қобилиятини аниқлаш,  уларни турли тўгаракларга жалб этиш, маҳаллаларда спорт майдончалари ва кутубхоналар ташкил этиш – бу йўлда олиб борилаётган хайр­ли ишларнинг аввалидир. 
 Мактаб, маҳалла ва оила бугун биргаликда иш олиб бориб, келажагимиз бўлган ёшларнинг ҳар одимидан бохабар эканлиги, доимий назорат, ёшларда ҳосил этилаётган илмий ва касбий кўникмалар аллақачон мевасини бера бош­лади. 
Халқаро майдонларда спортчиларимиз эришаётган ютуқлар, халқаро фан олимпиадаларида қўлга киритилаётган муваффақиятлар ҳам фикримизнинг исботидир.
Яратган азиз юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, дастурхонларимизни тўкин,  келажагимиз ворислари бўлган ёшларимизнинг буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлиш­ларини насиб этсин!
 
Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ