Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар...» (Тавба, 18).
Мустақиллик йилларида юртимизнинг барча ҳудудларида хайрли ишларнинг амалга оширилиши, масжид, мадрасалар қурилиши, таъмирланишига юксак эътиборнинг самаралари халқимиз қалбини ифтихор, шукроналарга тўлдирмоқда. Ватанимиз маънавий, маданий ҳаётидаги бу ютуқларни дунёдаги эзгу ниятли инсонлар ҳавас билан ­эътироф этмоқдалар. Навоий вилоятида ҳам “Чил устун”, “Қосим Шайх”, “Хўжа Ориф Дегароний” жоме масжидлари қайтадан обод қилинди. “Ҳазрат Алишер Навоий” жоме масжиди янгидан қурилди. Бизнинг Қизилтепа туманимизда ҳам дастлаб тарихий иншоотлар – “Тошмасжид” ва “Қалъаи Азизон” жоме масжидлари обод қилингач, саховатли инсонлар бу эзгу амалларни давом эттириб, бир қатор масжидларни обод қилишга ҳисса қўшдилар. Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари ила қабристонлар ва масжидлар ободлигига ­эътибор қаратилиши масжидларни янада обод этиш, намозхонлар учун қулай шароитлар яратишда янги даврни бошлаб берди.
Ўтган йили ёзда тумандаги марказий “Боязид Бастомий” жоме масжиди ва қабристонда бошланган хайрли ишлар натижасида, бу қутлуғ даргоҳ қисқа муддатда янги қиёфага кирди. Ҳозир бу муборак жоме ва зиёратгоҳ ташриф буюрганларни ҳайратга солаётгани сир эмас. Масжид пештоқига нақшлаб ёзилган ҳадислар ва ҳикматли сўзлардан қалб ёришиб, ичкарига кириб борсангиз, қаршингизда ажойиб манзара: бир томонда пурвиқор гумбазлари билан салобатли қадимий масжид; иккинчи томонда янгидан қад ростлаётган, қурилиши ниҳоялаб бораётган замонавий масжид; ён томонида таҳоратхона, маиший хизматлар бинолари мажмуаси. Бу қутлуғ даргоҳ қишлоқ аҳли, айниқса, намозхонларнинг фахр-ифтихорига айланди. Қизилтепа туманида “Хўжа Жалол” жоме масжидининг янги қиёфада қайтадан бунёд этилаётгани, яқинда туманнинг сўлим гўшаларидан бири Тошработда “Хўжа Ҳасан Андоқий” жоме масжидининг янги биносига биринчи ғишт қўйилиши хайрли ишлар кўлами йилдан­­- йилга кенгайиб бораётганидан далолатдир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифда: “Ер юзининг барча жойи умматларимга масжид қилиб берилди”, деб марҳамат қилганлар. Масжидлар ободли­ги – юрт ободлигига далолат. Зеро, масжидларда Аллоҳнинг зикри, ибодатлар давом этаркан, Ватанимизга беқиёс раҳмат, зиё, нур ёғилаверади, иншоаллоҳ. Яратганнинг ўзи қалбларимизда имон, ихлосни зиёда айласин!
 
Завқиддин ОРИПОВ,
Қизилтепа туманидаги “Боязид 
Бастомий” жоме масжиди 
имом-хатиби