Оила тинчлиги, фаровонлиги қавм-қариндош, қўни-қўшни, қуда-андачилик ришталари мус­таҳкам бўлишини тақозо этади.
«У яна (ҳақир) сувдан (манийдан) инсонни яратиб, сўнг­ра уни (насл) насабли ва қуда-анда қилиб қўйган Зотдир. Дарҳақиқат, Раббингиз (ҳар ишга) қодирдир» (Фурқон, 54).
Аллоҳ таоло эркак ва аёл, покиза насаб, оқибатли қудачилик замирида ҳаёт давомийлигини ирода қилади. Аллоҳнинг иродасига қарши бориш, қуда-андачилик муносабатларининг бузилиши, ёш оилалар ажримлари мусибатдан бошқа нарса эмас. Зеро, оила эр-хотиннинг биргаликда тинч-тотув яшаши учун қурилади. Оила ҳаёти осуда бўлишида эр-хотин билан бирга қайнота-қайноналарнинг ҳам бажариши лозим ҳақлари бор. Ёш оила аъзоларига насиҳатда бўлиб тўғри йўл кўрсатадиган, аввало, қайнота-қайнона, ота-­оналардир. Оқил, диёнатли, соф­дил ота-она, қайнона-қайноталарнинг ибрати, йўл-йўриқлари ёшларга ижобий таъсир қилади. Агар акси бўлса, муаммоли, нотинч оила жар ёқасида турганга ўхшайди, сал шамол ҳам уларни қулатиб юбориши мумкин. Ҳатто оилада эр-хотин жанжаллашиб қолган вазиятларда улуғларимиз айтадилар: “Қайнона келиннинг тарафини олсин, ўғил ўзиники, уришса ҳам ўғли онасига бош эгиб келади”.
Кўпинча қайнонанинг келинини тушунишга ҳаракат қилиши, ҳимоясига олиши жанжалнинг кучайиб кетмасдан барҳам топишига сабаб бўлади. Аммо ҳаётда айрим қайноналар ёшгина келинини уқувсизликда айблаб, қуда-андачилик ришталарига путур етказадилар. Келинни уқувли қилиш, ўз хонадонининг паст-баландига кўник­тириш, билмаганини ўргатиш, қайноналар – оналар зиммаларидаги ҳақлардир. Оилаларда қайнота-қайноналар, эр-хотинлар, қуда тарафлар ўз ҳақларини ўрнида адо қилишса, бунинг самараси – оилалар мус­таҳкам, қуда-андачилик ришталари маҳкам бўлади.
“Қуда-андачилик – минг йилчилик”, дейди доно халқимиз. Зеро, қуда-андаларнинг ўзаро самимий ҳурмат-эҳтироми ёш келин-куёвларга ҳар икки хонадон аъзоларига бирдек меҳр қўйиб эъзозлашни ўргатадиган ҳаётий мактабдир.

Ҳазрат ЖАҲОНОВ,
Навоий вилояти, “Қизбиби”
жоме масжиди имом-хатиби