Ҳаёт давом этар экан, туғилиш бор, дунё янгиланаверади. Вақт кўп нарсани, жумладан, воқеа-ҳодисаларга муносабатни ҳам ўзгартиради. Кеча, ўтган кун ҳайрат билан кузатган нарсалар бугун одатий, оддийга айланиши табиий ҳол. Лекин туғилиш ҳеч қачон, ҳеч ким учун одатий ҳодисага айланиб қолмайди. Тўлғоқ тортаётган она, унинг бошида турган доя ҳам ҳаяжонга тушадилар. “Оқ йўл берсин, жигарбандини эсон-омон бағрига босиб олсин”, дея дуо қиладилар. Дояман, Тангрининг инояти билан ўттиз беш йилдан буён ана шу касб соҳибиман. Не-не машаққатли туғуруқларга гувоҳ бўлганман. Саломатлигидаги муаммо боис, фарзандини дунё­га келтиролмай қийналаётган аёл учун тўлғоқни тезлаштирадиган дори тополмай зир югурган пайт­ларимиз бўлган. Шукрки, энди мустақил юртимизда она ва бола саломатлиги давлат даражасида муҳофаза қилинади. Мен хизмат қилаётган Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 6-туғуруқхонада ҳомиладор аёллар, айниқса, биринчи фарзандини кутаётган ёш оналарни туғуруққа тайёрлаш, асоратсиз ўтказиш учун барча шароитлар мавжуд. Энг сўнгги замонавий тиббий жиҳозлардан фойдаланишни ҳар бир ходим билади.
Кейинги йилларда бизни қувонтирадиган яна бир жиҳат – бу гўдак дунёга келган заҳоти уни она кўксига ётқизишимиз, мурғак жонни ҳаётининг дастлабки лаҳзаларидан бошлаб она сутидан баҳраманд этишимиз – бу она ва бола соғлигининг табиий муҳофазасидир.
Лекин... давлатимиз томонидан оналик ва болалик шу қадар ҳимоя қилинаётган бир пайтда айрим калтабин қайн­о­наларнинг ўз келинига ўта бепарволик ва ортиқча дабдаба ва манманликка берилиши туфайли бу борада баъзи бир муаммолар учраб турибди. Яқинда 21 ёшли келинчакнинг гўдаги кесерево кесиш йўли билан дунёга келди. Шифокорлар туғуруқни табиий йўл билан амалга оширишга астойдил ҳаракат қилишди. Лекин келинчак камқон, заифлиги учун уринишлар натижа бермади. Менинг туғуруқ тафсилотига кенгроқ тўхталганим боиси – бу келинчак ва унинг оиласини яхши биламан. Ҳомиладорлик даврида маслаҳатхонага қатнаганида, шифокорлар таҳлилларига қараб қони анча камлиги учун муолажалар буюришган. Шахсан ўзим маҳалланинг фаол аёли билан у яшайдиган хонадонга кирганман. Ўшанда келинчакни шифохонага ётқизиш кераклигини айтдик.
– Туппа-тузук юрибди-ку, келиним. Худойим оқ йўл берса, туғиб олади. Ақиқа учун қўй олишимиз керак. Ҳозир бир сўм ҳам ортиқча харажатга имконимиз йўқ, – деганди қайнонаси.
Келиннинг онаси ҳам шу маҳалладан. Унга вазиятни тушунтиргандик, қудаларига қарши боролмаслигини айтди. Гапларидан билдимки, унинг дарди ҳам қизи, туғилажак невараси, қудаларига сарпо ҳозирлаш, бешиктўй тараддуди...
Агар бу биргина ҳодиса бўлса, гапириб ўтирмасдим. Туғуруқда қийналаётган камқувват аёлларнинг аксариятининг оиласида саломатликни асраш эмас, балки расм-русумларни бехато ўтказиб, обрў олиш ташвиши биринчи ўринда туради.
Биз – шифокорлар, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ҳамкорликда мунтазам тарғибот-ташвиқот олиб борамиз. Шунга қарамай, она ва бола саломатлигини асраш учун барча шароитлар яратилган бугунги кунда нохуш асоратлар, вазиятлар учраяпти. Бунга сабаб – одамларда тиббий, маънавий саводхонликнинг етишмаслигидир.
Аллоҳнинг неъмати – гўдак учун ҳам, ота-онаси учун ҳам унинг соғу саломат дунёга келишидан ортиқроқ бойлик йўқлигини унутмайлик.
 

Насиба ТЎРАХЎЖАЕВА,
Тошкент шаҳри