Истиқлол туфайли юртимиз ҳаётининг барча соҳалари тараққиётига алоҳида эътибор берилди. Қайси жабҳага боқманг, ижобий янгиланишлар, улкан ўзгаришларнинг самараларини кўрасиз. Бу ютуқлар халқимиз турмуш даражасида, маънавий-маърифий юксалишида акс этмоқда. Фаолиятимиз бевосита боғлиқ бўлган диний-маърифий ва маънавий йўналишда амалга оширилган ишлар ҳақида бир неча солномалар битса арзийди.
Мустақиллик йилларида юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир алломаларимизнинг хоклари мангу қўним топган қадамжолар муборак зиёратгоҳларга айлантирилди. Вилоятимизнинг ўзида кўплаб меъморий мажмуа ва обидалар қайта тикланди ва таъмирланди. Энг муҳими, улар тўғрисида асоссиз бузиб тарғиб этилган тарихий ҳақиқатлар илмий жиҳатдан холисона тадқиқ этилди.
Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ диний соҳага жуда катта эътибор қаратилди. Ёшлик пайтларимизда оталаримиз, боболаримиз ҳаж, умра сафарлари ҳақида етиб бўлмас орзу каби армон билан гапирардилар. Шукрлар бўлсинки, энди вилоятимиздан ҳар йили мингдан ортиқ мўмин-мусулмонлар муборак ҳаж ва умра зиёратларини эмин-эркин адо этиб қайтмоқдалар.
Мустақилликдан илгари вилоятимизда тўрттагина масжид бўлган. Бугунги кунда 198 та масжид фаолият кўрсатмоқда. Улар замон талаби даражасида таъмирланган, намозхонлар учун қулай шарт-шароитлар яратилган.  Кейинги йилларда Фарғона туманидаги “Қалбичин ота”, Қўқон шаҳридаги “Шайхон”, Қўштепа туманидаги “Муборак”, Марғилон шаҳридаги “Худоёр ҳожи” масжидлари замон талаби даражасида қайта қурилди.
Масжидларнинг барчасида маънавият хоналари ташкил этилиб, маърифий йўналишдаги адабиётлар, газета ва журналлар билан таъминланган.
Ёшлар орасида ақидапарастлик ва турли оқимлар таъсирига берилишнинг олдини олиш борасидаги тарғибот-ташвиқот ишлари имомларимизнинг муҳим вазифаларидан бирига айланган.
Шаҳар, туман бош имом-хатиблари, отинойилар турли маросимларда, жамоат жойларида, мактаб ва олийгоҳларда суҳбат ва учрашувлар ўтказишлари анъана бўлиб қолди. Шунингдек, улар матбуот, радио, телевидениеда ҳам долзарб мавзудаги маърузалари билан чиқишлар қилишмоқда. Вакиллик тасарруфидаги “Fargonaziyo.uz” веб-сайтида имом-хатибларнинг мақолалари мунтазам ёритиб борилмоқда.
Имом-хатиблар саъй-ҳаракати билан ҳомий­ларни жалб этган ҳолда кам таъминланган оилалар, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари ва нуроний кексаларга моддий ҳамда маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.
Мустақиллик неъматини авайлаб-асрашимиз, кўз қорачиғидек эҳтиёт қилишимиз керак, чунки Аллоҳ таоло муборак Каломида: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”» (Иброҳим, 7), дейди.
Бу муборак Каломга мувофиқ доимо ҳушёр, шукр келтирувчи ва неъматларнинг қадрига етувчи бўлайлик.
 

Турсунали ЭРБЎТАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили