Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот котиби Жалолиддин Нуриддинов билан суҳбат

– Устоз, чорак асрдирки, аждодларимизнинг асрий орзу­си бўлган мустақиллик неъматидан баҳрамандмиз. Мустабид тузумнинг етмиш йиллик таз­йиқи остида оғир ва синовли кунларни кўрган халқимиз учун тарих ўлчовларига нисбатан бу муддат жуда оз. Шундай бўлса-да, барча соҳаларда бўлгани каби мустақиллик йилларида мамлакатимизда диний жабҳада ҳам улкан ўзгариш­лар бўлди. Айниқса, нашр ишларида сезиларли даражада силжиш­лар рўй берди, диний журналис­тика шаклланди...
– Мустақиллик йилларида мамлакатимизда кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилди. Аввало, эътиқод эркинлиги мамлакатимизнинг асосий қонуни – Конституция орқали кафолатлаб қўйилди. Масжид ва мадрасаларнинг бинолари, аждодларимиздан қолган бой илмий-маънавий мерослар қайта тикланди. Юртдошларимизнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётлардан баҳраманд бўлишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Севимли ёзувчимиз Абдулла Қодирий: “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир”, деганлар. Тарихга назар солсак, ўтмиш билан бугунни муқояса қилсак, мус­тақилликнинг нақадар улуғ неъматлигини янада теран англаб етамиз. 1943 йилда ташкил этилган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси томонидан аҳён-аҳёнда журнал, диний тақвим жуда кам тиражда номигагина нашр қилинган.
Мустақиллик йилларида диний нашрларга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Бугунги кунда Қуръони карим маъноларининг таржимаси, Имом Бухорий, Ҳаким Термизий, Имоми Аъзам, Абу Исо Термизий, Абу Ҳомид Ғаззолий, Абу Лайс Самарқандий каби алломаларнинг асарлари ва минглаб нусхаларда диний адабиётлар нашр этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг нашрлари – “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетаси мўмин-мусулмонлар қалбидан жой эгаллади.
– Бугун фан-техника тараққиёти замонида ер юзининг нариги чеккасидаги маълумот бир неча сониялар ичра Ер шарининг бошқа томонларига тарқалади. Афсуски, диний-экстремистик ташкилотлар ҳам бу қулайликлардан ғаразли мақсадларини ёйишда кенг фойдаланишяпти. Юртдош­ларимизга соф Ислом дини асосларини етказишда идора тасарруфида фаолият олиб бораётган интернет сайтлари ва уларнинг бугунги аҳамияти тўғрисида тўхталиб ўтсангиз.
– Ахборот технологиялари кенг имкониятлар бераётгани, улар ёрдамида ишлар осон ва тез бажарилиши инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Бироқ танганинг икки томони бўлгани каби, бундай ютуқлардан ғаразли мақсадларда фойдаланаётганлар ҳам йўқ эмас. Чунки интернет саҳифасига жойлаштирилаётган маълумотлар тезкорлиги билан аҳамиятлидир.
Хусусан, экстремист-террористик ташкилотлар интернет орқали ёшларни “жиҳод” қилишга, сабабсиз ўз она-Ватанидан “ҳижрат” қилиб, чиқиб кетишга чақириб, муқаддас Ислом дини ниқоби остида ўзларининг қабиҳ ниятларини амалга оширишмоқда. Шу боис, бугун халқимизни, айниқса, ёш авлодни Ислом дини ҳақида тўғри тушунчага эга бўлишларида интернет сайтларида соф исломий, маърифий маълумотлар бериб бориш давр талабидир.
Юртдошларимизнинг ушбу эҳтиёжларини қондириш мақсадида интернет тармоғида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги 26 та сайт фаолият юритмоқда. Ҳар куни ўн минглаб юртдошларимиз бу диний-маърифий сайтларга мурожаат қилишади. Интернет саҳифаларимизда диний, маърифий-маънавий мавзудаги долзарб мақолалар жойлаштириб борилади.
Бундан ташқари, сайтларда диний-маърифий маълумотлар, дин ниқоби остидаги фирқаларга қарши раддиялар ва савол-жавоблар ташкил этилган. Юртдош­ларимиз ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан бевосита жавоб олиш имкониятига эгадир. Муфтий Усмонхон Алимов, Шайх Абдулазиз Мансур  ҳазратлари бошчилигида таниқли уламолар мухлислардан келган саволларга жавоб беришмоқда. Яқинда ушбу саволлар таҳлил қилинганда, саволларнинг аксарияти ибодат, хусусан рўза, закот, ҳаж масалаларига боғлиқлиги аниқланди.
– Имом-хатибларнинг ижтимоий тармоқлардаги иштироки ва ижодий фаолияти ҳақида гапириб берсангиз?
– Ҳар йили бир қатор фаол имом-хатиблар ўзларининг китоб ва рисолаларини нашр этишмоқда. Улар орасида рес­публикамиздаги нуфузли мукофотлардан бири “Олтин қалам” Миллий мукофотининг соҳиблари ҳам бор. Диний идора тизимида “Йил имоми”, “Йилнинг энг яхши кутубхоначиси”, “Энг яхши мақола” ва “Энг намунали видеолавҳа” танловлари мунтазам ўтказилиб келинмоқда.  
2014 йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан ижодкорлар ўртасида «Сарҳисоб» танлови ўтказилиб келинади. Бу миллий қадриятларимизни тиклаш, аждодларимизнинг бой илмий меросини ўрганиш, хусусан, ёшларда ёт ғояларга қарши тура олиш салоҳиятини шакллантириш йўлида оммавий ахборот воситаларида диний-маърифий мавзулар билан фаол қатнашаётган ижодкорларга кўрсатилаётган юксак эҳтиромдир.
Зеро, раҳматли Юртбошимизнинг “Имом-хатибларнинг ён-атрофимизда бўлаётган ўзгаришларни чуқур англаб, халқимизга теран тушунтириб бериш борасидаги долзарб вазифаларини жуда юқори баҳолайман”, деган сўзлари имом-хатибларни янада ғайратли бўлишга ундайди.
Шундай экан, ҳар бир соҳада бўлгани каби диний-маърифий мазмундаги нашрлар фаолияти сифат даражасини янада кўтариш, имом-хатиблар, таниқли уламолар, айниқса, диний сайт­ларда долзарб мавзуда мунтазам таҳлилий мақолалар бериб боришларини кучайтириш зарур.

Даврон НУРМУҲАММАД суҳбатлашди.