Онасини кўриб қизини ол, оилада қиз бола онасидан, ўғиллар эса отасидан ибрат ҳамда  таълим олади, деган ҳикмату фикрларга кўникиб кетганмиз, аммо шу билан бирга...
...Ақлимизни таний бошлагандан ҳар куни бир кичик байрам ёки тантана десамми... хуллас, кунда такрорланса-да, кўнгил яна талпиниб турадиган шодликнинг иштирокчиси бўлиб ўсдик: кечки пайт онам бошчиликларида биз, қизлар, тикиб ўтирган ишларимизни йиғиштирардик. Ҳар кимнинг ўзига яраша юмуши бор эди. Опа-сингиллардан биримиз кўча дарвозасидан ташқарига ва ҳовлига сув сепиб супурардик; биримиз обдастаю чойнак-пиёлаларни куллаб ювиб ялтиллатардик; ҳамма йиғилиб кечки овқат ейиладиган жойни текислаган ким, энг кичкиналар ёши улуғлар ўтирадиган томонга ёстиқлар қўяди... Мисоли узоқ кутилган меҳмон ўтирган улов яқинлашиб келяпти-ю, унинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиб кутиб олиш учун уйдагилар ширин ҳаяжон ва ҳаракатда. Шу пайт ёши кичкиналаримиздан бирининг: “Дадам!” деган тантанавор овози ҳаммани яна ҳам ҳушёр торттирарди. Қалбимиздаги қувонч, соғинч юз-кўзларимизга кўчарди. Отам ҳар доим кўтариб юрадиган қора сумкаларини нималаргадир тўлдириб табассум билан кириб келардилар. Йиллар ўтиши билан кўп нарса ўзгарди, янгиланди. Аммо юқорида тасвирлаганим – отажонимнинг ишдан уйга қайтишлари билан боғлиқ ҳолатлар то умрларининг охиригача ҳеч оҳорини йўқотмади. Ўша кунлардан бошлаб қалбимизга оила бошлиғи – ота хонадоннинг энг улуғ, эъзозга муносиб, ҳар қанча муҳаббат ва қадрлашга лойиқ инсон эканини онамнинг мактаби сингдирди, назаримда.  Ишлаб топиб келганлари –  Аллоҳ неъматларини барчамизга бирдек тақсимлаб, ҳатто бир чақмоқ қандни ҳам олтита тенг бўлакка бўлиб берган отажонимнинг фарзандларини бирдек ардоқлаган сўзлари, нигоҳлари ҳам ибрат мактаби эди.
Ўзимизни англай бошлагандан қалбимизга отам ўқиган Қуръон суралари оқиб кирди; шоҳ Машрабнинг дардли сатрлари отажонимнинг ҳазин овозларида қалбимга нақшланиб қолган; қозонда бир тансиқ таом қайнаса дарвозага қарайверардилар: “Бир ризқи улуғ инсон келиб қолсайди!” – онгимизга саховат, меҳмонсеварлик туйғуларини сингдирдилар; раҳматли катта аммамнинг бир боласи билан эридан ажрашиб келган қизи, раҳматли кичкина аммамнинг ўғиллари бизникида яшашар, опа-акаларимиз қатори бизга қадрдон, меҳрибон эдилар. Онам уларнинг кўнглини ўз фарзандларига қарагандан ҳам асраб-авайлардиларки, бу – отамнинг қариндошлар борасидаги силаи раҳмларининг давоми эди; мактабда ота-оналар мажлисида биз ҳақимизда яхши гаплар эшитиб келсалар, мисоли қанот чиқаргандек шодон юрардилар – бу ҳолат бизнинг яна ҳам яхши бўлишимиз учун рағбат эди...
Катталар билан муомала-муносабат, пишир-куйдир, уйнинг озодаю саранжом-саришталиги, тикиш-тўқиш, бола парвариши, қўни-қўшничилик одобу мезонлари, бемор парваришида ҳамширалик қабилидаги ишларни қизлар, биринчи навбатда, онасидан ўрганишади. Лекин қиз бола уй бекаси бўлиш билан бирга, жамиятнинг бағри бутун, онгли, воқеа-ҳодисалар ҳақида билим ва тажрибаларига таяниб мустақил мушоҳада юритадиган, ҳаётнинг турли вазиятларида довдирамай ўз йўлини топишга интиладиган, ёши улғайганда ҳам бошқаларга юк ва ташвиш бўлмайдиган  ва муҳими, шу хислатларни келажакда ўз зурриётларига ҳам “юқтирадиган” шахс бўлиб улғайиши учун отанинг меҳру муҳаббати, меҳнати, ибрати, тажрибаю маҳоратлари ҳам албатта зарур, менимча.
Халқ орасида “қиз бола отасига бошқача меҳрибон бўлади”, деган гап юради. Хоҳлайдими, хоҳламайдими, фарзандларнинг, жумладан, қизларнинг ҳам кўп вақти оналар билан бирга ўтиши табиий ҳол. Бу жараёнда улар бир-бирига жуда яқин, ҳатто сирдош бўлиб кетадилар. Лекин яна бир жиҳат – ҳар бир улғайиб келаётган инсон ўзини топишга, мустақилликка, камолотга интиладики, балки, қизлар онасида ўзининг қиёфасини, отасида эса бошқа бир улуғвор, салобатли, саховатли оламни кўрар? Бу олам ўзининг жисму руҳига туташлигидан кўнгли, онги, борлиғи ўсар? Ахир, қиз боланинг бутун вужуди нозик туйғулар, ширин орзулар, меҳр-муҳаббатдан яралган қалбга қиёс-ку! Қизлар ўз ота-онасини бахтиёр этсалар, иншоаллоҳ, келажакда тақдирлари боғланадиган хонадон катталарини ҳам шундай ҳурмат билан эъзозлайдилар. Бундай саодат барча қизларимизга насиб этсин.
Отаси узоқ йиллар ёнида ҳаёт юрганлар қанчалар бахтли одамлар! Яратганнинг бандалари орасида ота, она каби маънавий устоз, қувват, беғараз ёрдаму маслаҳат берувчи, йўл кўрсатувчи, ибрат бўлувчилари камдан-кам топилади.                
Ризқ берувчи – Аллоҳ. Кейинги йилларда пул топиб келиш ниятида юртимиздан четга чиқиб кетаётганлар учраётгани, уларнинг баъзилари учун ўз Ватани, оиласи яшайдиган хонадон йилда икки-уч ой яшаб кетиладиган меҳмонхонага айланиб қолгани – муаммони шу ерда ечиш мумкин бўлган йўлдан айланиб ўтиб, ҳеч тузатиб бўлмас хатолар, йўқотишлар йўлини ихтиёрий равишда танлаш эмасми?
Қадрдон, ҳар гал уйингизга борганингизда “Отам!” деб пешвоз чиққан қизингизга бепарво, беэътибор бўлманг. Унинг феълу атвори, хулқу одоби, юриш-туриши, гап-сўзларидаги чиройли фазилатларни рағбатлантириб, кўпайтиринг. Табиатини ҳаётбахш гулларга буркашига, бағри бутун бўлиб яшашига боғбонлик қилинг, демоқчи эдим. Ҳар куни, ҳар куни, ҳар куни... Зеро, қизларига гўзал тарбия бериб, мустаҳкам имон-эътиқод эгаси қилган оталар икки дунё саодатига эришгайлар, иншоаллоҳ.

Муҳтарама УЛУҒОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими