Тил – миллат кўзгуси. Ҳақиқатан, унда миллатнинг узоқ ўтмишидан тортиб бугунги кунигача бўлган даври тарихи, илм-маърифати, маданияти, маънавияти мужассам. Тил одамнинг онглилик даражасини белгиловчи омил ҳам саналади. У миллатни дунёга танитадиган маънавий асос, миллатнинг муҳим белгиси, узвий ва ажралмас бир бўлагидир. Ҳар қандай халқнинг маданияти, маънавиятини англаш учун ҳам унинг тилини билиш талаб этилади. Халқимиз бу фикрни мухтасар қилиб: “Тил билган эл билади”, деб ифодалайди.

Ўзбек тили дунёдаги қадимий ва бой тиллардан биридир. Унинг софлиги, пурмаънолиги, таъсирчанлиги, гўзаллиги, бойлиги сақланишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур. Халқимизнинг ўз тилига, элига бўлган чексиз муҳаб­бати, ижодкорлик қудрати тил масалаларига миллийлик нуқтаи назаридан ёндашишида намоён бўлади.
Бу йил 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 27 йил тўлди. “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг мустақиллик сари қўйилган энг муҳим қадамларидан бири бўлди.
Мазкур Қонун осонлик билан қабул қилинмаган. Чунки собиқ иттифоқ ҳукмронлик қилган ўша пайт­да бу ҳақда ўйлашнинг ўзи мушкул эди. Унинг қабул қилинишида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хизматлари беқиёс бўлган.
Дунё тилларининг фақат икки юзтасигина давлат тили мақомига эришган бўлиб, улар орасида бизнинг ўзбек тилимиз ҳам бор. Бундан фахр-ифтихор қиламиз, шу билан бирга тилимиз софлигини сақлашда зиммамизда улкан масъулият борлигини ҳис этамиз. Она тилимизни асраб-авайлаш, уни эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бинобарин, миллатимизнинг бебаҳо бойлиги бўлган давлат тилини бузиб қўллашга, тилимиздаги иборалар маъносини англамасдан ишлатишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Ҳолбуки, чиройли тарзда, адабий тил қонун-қоидаларига амал қилган ҳолда гап­лашиш кишининг маънавий юксаклиги белгиси. Она тилимиз софлигини сақлаш ва ҳимоя қилиш бевосита ўз қўлимизда. Бунинг учун кўп ўқиб-ўрганишимиз, ўз тилимизни ҳурматлашимиз зарур. Ана шундагина биз ўзлигимизнинг энг муҳим белгиси, миллий руҳни қалбан ҳис этамиз, тилимиз ривожига ҳисса қўшган бўламиз. 


М. ТЎРАҚУЛОВ,
Андижондаги “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир муовини