Одатда ўқитувчини боғбонга қиёслашади. Бу – бежиз эмас. Боғбон ўз меҳнати ила қақраб ётган тақир ерда кўркам боғ барпо этиб, юрт кўркига кўрк қўшади. Ўқитувчи эса бундан-да савобли ва шарафли юмушни бажаради.
Фақат унинг меҳнати дарҳол кўзга ташланмайди. Орадан ўн, ўн беш йилми ўтгандан кейингина юзага чиқади. Агар ёшлар ҳаётда ўз ўрнини топиб, халқига фойдасига тегса хўп-хўп – ҳамма хурсанд, мамнун бўлади.
Шу боис, халқимиз қадимдан муаллим меҳнатини беҳад қадрлайди, унинг ҳурматини жойига қўйиб келади. “Устоз отадай улуғ!” деган ҳикматни мудом ёшлар қулоғига қуяди. Абдураҳмон Жомий таъбири билан айтганда:
Устод, муаллимсиз қолганда замон,
Нодонликдан қора бўлурди жаҳон.
Шундай экан, ўқитувчининг лоақал бир кун, бир лаҳза бўлсин, бурч-вазифасини унутишга ва адашишга ҳаққи йўқ! Бунинг учун, аввало, ҳар бир муаллим ўқитаётган фанини чуқур билиши, дарсга пухта ҳозирлик кўриши, мавзуларни содда, равон тилда тушунтириши, таълимнинг қулай ва самарали – мунозара, конференция, суҳбат, ноанъанавий усуллар, техник воситаларидан, кўргазмали қуроллар ва ихтисослигига доир қўшимча манбалардан унумли фойдаланиши лозим.
Бундан ташқари, муаллим болаларни чин дилдан севиши, уларнинг қалбига йўл топа олиши, ҳамиша сезгир, ғамхўр ва адолатли бўлиши, ҳар бир ўқувчининг оилавий шароитини, нималарга қизиқишини, ички кечинмаларини ва ҳис-туйғуларини яхши билиши керак. Айни чоғда, ўзининг ҳар бир иши, хатти-ҳаракати болаларга ижобий ёки салбий таъсир ўтказиши эҳтимолдан холи эмаслигини ҳам унутмаслиги даркор.
Бинобарин, ўқитувчи юриш-туриши, ўзини тутиши, шахсий одоб-ахлоқи билан нафақат шогирдлари, балки ён-атрофидагиларга ҳам ибрат бўлиши керак. Шундагина ўқувчиларнинг устозига меҳри янада ортади. Ёшлар дўстона ва самимий муносабатда бўлган ўқитувчини ҳурмат қилиб, илм олишга ихлос қўядилар. Бу таълим-тарбия беришнинг энг муҳим тамойилларидан биридир.

Қосимжон ЁҚУБОВ,
Бекобод туманидаги 11- мактаб
муаллими, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси.