Ҳар бир ота-онанинг фарзанд неъматига бўлган шукронаси уларга қандай тарбия беришда намоён бўлади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ҳар бир фарзанд фитратда дунёга келади”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Ҳадисдан маълум бўладики, бола покиза фитратда туғилгани боис, маънавий оламининг шаклланиши ҳам у тарбия топган оила муҳитига боғлиқдир. Уни мустаҳкам эътиқодли, хайр-саховатли ва комил инсон этиб тарбиялаш ота-онанинг асосий вазифасидир. Таҳрим сурасининг 6-оятида бундай дейилади: «Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни дўзах оташидан сақлангиз!» Оят тафсирида инсон фақат ўзига эмас, аҳли аёли, фарзандларига ҳам ғамхўр, эътиборли бўлиши, фақат моддий таъминот билан чекланиб қолмасдан, уларни имон-эътиқодли, дину диёнатли ва етук инсонлар сафига қўшилишлари учун астойдил ҳаракат қилиши лозим, деб таъкидланади.
Дарҳақиқат, соғлом оилада гўзал хулқ ила тарбияланган бола ҳаётда ақл-идрок билан иш тутади, имон-эътиқодида собит туради, ҳар хил алдовларга учмайди ҳамда ғаразли ташвиқотларга берилмайди.
Айниқса, ғоялар кураши авж олган бугунги кунда фарзандларимиз маънавиятига тажовуз солаётган таҳдидлар қаторида, динни ниқоб қилиб, диний қадриятларимизни оёқости қилаётган қўпорувчилик ва миссионерлик ҳаракатларининг фаолияти, шунингдек, маънавий ва ахлоқий тубанликни тарғиб этувчи “оммавий маданият”нинг бузғунчи таъсири жиддий ташвиш уйғотмоқда. Бундай кучлар фарзандларимиз онги ва қалбини забт этиш мақсадида ҳар қандай қабиҳ йўллардан ҳам фойдаланишга уринмоқда. Дин байроғи остида талончилик ва босқинчилик, террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этаётган, жамиятга ҳар томонлама зарар етказаётган бундай ҳаракатлар ёшлар орасида миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик ва диний айирмачилик кайфиятлари шаклланишига замин яратмоқда.
Юрти, миллати, ота-онасига хиёнат қилиш оғир гуноҳ экани мўътабар манбаларда қайд этилган. Ислом шариатида инсонларга нафақат ўз ота-онаси, балки бегоналарга, ҳатто, ғайридин кишиларга ҳам яхшилик қилишга буюрилади, ёмонликдан қайтаришга даъват этилади.
Қиёмат куни ҳам ота-она ўз фарзандидан ўша ҳақларини адо этишини сўрайди. Бу ҳақда ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) Расули акрам (алайҳиссалом)дан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Ҳар қачон ота-она фарзандини чақирган вақтда, фарзанд ҳамма ишини ташлаб, уларнинг олдига бориб, айтганларини жону дили билан адо этсин. Агар бепарво бўлиб, уларнинг буюрганини қилмаса, мен ундай умматдан бе­зорман”, дедилар.
Хуллас, фарзандни ёшлигидан яратувчанлик ва бунёдкорлик руҳида тарбиялаш, беғубор қалбини олижаноблик, хайру саховат, меҳр-оқибат каби соф ва покиза туйғулар билан тўлдириш, эзгу мақсадларга сафарбар этиш, бузғунчи, зўравон, худбин, бағритош ва қаҳри қаттиқ бўлиб тарбия топишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Демак, ота-онанинг тўғри тарбия бериши туфайли оила фарзандлар учун турли таҳдидлар ва иллатлардан асровчи мустаҳкам қўрғон вазифасини бажариши лозим.

Комилжон ШЕРМУҲАМЕДОВ,
Тошкент ислом университети Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази илмий котиби