– Ассалому алайкум, сизларни кўргани келдим! – дея жилма­йиб турган онахоннинг юз-кўзларида меҳр, зийраклик, эътибор қоришиб кетган эди.

Дийдорлашиш, аҳволу ҳолингдан хабар олиш ниятида келган меҳмон қанчалар азиз. Бунинг устига у қалб оламингга яқин, сени ўйлантирган, икки дунё саодатидан умидворлик билан қилаётган ишларингни жиддий кузатиб холис фикрини билдирадиган, маслаҳатлар берадиган инсон бўлса, қандай яхши!

– Зангиота туманининг Келес шаҳарчасиданмиз, – деди онахон ўзини таништираркан. – Исмим – Бувизаҳро, ўрта мактабда қирқ йил она тили ва адабиётдан ўқувчиларга дарс берганман. Менга кенжа келиним Фазилатхон ҳамроҳ бўлиб келди, – деб ёнларида кулимсираб турган аёлга ишора қилди.

– Ойим тўқсонга кирдилар... – Фазилатхон фахр билан сўз бошлаганди, онахон:

– Ҳали тўқсонга кирмадим, – дедилар “Мени жуда-а кекса кўрсатманг!” дегандай ҳазилнамо оҳангда. – Худо хоҳласа, янаги йил баҳорининг охирида тўқсонга кираман.

Шу битта гапнинг ўзи ҳам Бувизаҳро онахоннинг Яратганга шук­роналари, лутфи чиройлилиги, табиатан ҳаётсеварлиги ифодаси эди, назаримда.

– Анчадан буён сизларни кўргим келади. “Ҳидоят” журнали, “Ислом нури” газетасининг ҳар битта сонини ўғил-қизларим, келинларим, набиралар билан ўқиймиз. Ундаги айрим мақолаларни қайта-қайта ўқиб, ибратли жиҳатларини ўз бошимдан кечирган воқеалар билан солиштираман.

Шундан кейин онахон бир қатор мақолаларнинг номини санаб, уларнинг мағзини чаққандай ҳар бир сўзга урғу бериб гапира бош­ладилар:

– “Ўқибман-у, уқмаб­ман” деб номланган мақоладаги мана бу фикр­лар ҳалигача ўз қалбимни тафтиш қилишга ундайди:

“Махтумқули айтар: топмадим омон,

Ёмон тилнинг тиғи қиличдан ёмон.

Ёмон тил олдида заҳарли илон

Чақса-да, бир чивин чаққанча бўлмас...

Асрлардан ҳам ёши улуғ бу сатрларни ёшлигимдан биламан. Лекин... ўқибман, ёдлаб­ман-у, уқмабман-да! Тилимнинг заҳарли қиличи яралаган қалбларнинг, тиғи сўлдирган шодликлар, умид, ишонч, илинжларнинг сон-саноғи ўзимгагина номаълум, холос. Бироқ ҳисоб-китобнинг вақти-соати муқаррар келади. Сабрсизликдан, нафсимнинг йўлига юриб, оқибатини ўйламай сўзлашимдан панд еган онларим камми? Фақат ўшандаям чарчаганимни, шошилиб турганимни, кайфиятим йўқлигини, ёшим кичик ёки катталигини баҳона қилиб ўзимни ҳимоялайман... бировни чақиб қўйган тилим унга малҳам қў­йишга эмас, яна ўзимни оқлашга хизмат қилади...”

Биз шундай табаррук ёшида ҳам тиниқ бўлган хотираларидан ҳайратланиб онахонни тинглар, меҳмон эса дилидан қуйилаётган сўзларини қалб кўзгусидан такрор ўтказарди гўё. Бу фикримни бир лаҳзалик сукутдан кейинги гаплари тасдиқлади:

– Мен қирқ йил мактабда дарс берган бўлсам, ҳар бир синфда гапга қулоқ соладиган, айтганларингни тезда уқиб олиб бажарадиган ва бундайларнинг акси бўлган ўқувчилар ҳам топиларди. Ўйласам, тўполончиларни тинчитиш, дарсни вақтида ўзлаштирмаганларни огоҳлантириш учун тилимнинг заҳрини сочган, уларнинг қалбини яралаган пайтларим кўп бўлган. Энди ўша ўқувчилардан ғойибона узр сўрайман. Аллоҳдан уларга хайрли неъматлар тилаб дуо қиламан.

Ҳақиқий зарни топ­ган заргар хурсанд бўлади. Уста заргарнинг қўлига тушган зарнинг толеи ҳам баланд. Онахон сўз, фикр заргари каби ўз мулоҳазаларини далиллар билан баён этаркан, яна бир карра англадикки, “Ҳидоят” журнали, “Ислом нури” газетаси, барча оммавий ахборот воситалари каби, қалбларни қалбларга боғлайдиган ришта, кўприк. Бувизаҳро онахон ана шу туташ қалбларнинг бир вакили. Уларнинг ҳар бир фикри муҳарририят ходимлари зиммасига юксак масъулият – сўз айтишда заргарлик, сўзнинг мағзи эзгу ва тўқ бўлиши ва холис айтилиши, қалам аҳли ўткинчи ҳавасларга эмас, жамиятимиз аъзоларининг қалбини нурлантиришга, хайрли мақсадлар ва саъй-ҳаракатлар йўлида бирлаштиришга хизмат қилиши керак.

Бу ташриф яна бир ҳақиқатни таъкидлаб кетди: ҳаммада ёруғ кайфият қолдириб кетган меҳмонимиз каби, сиз азиз муштарийлар орасида ҳам “Ҳидоят” журнали, “Ислом нури” газетаси янада мазмунли, ўқимишли, манфаатли бўлиши учун фикр-мулоҳазалари, муҳим таклифу талаб­лари бўлган жонкуяр инсонлар, ўйлаймизки, жуда кўп. Бизга шулар ҳақида ёзинг, маълум қилинг. Зеро, ҳамкорлигимиз хайрли бўлсин.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА