Юртбошимиз томонидан бу йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берилиши бежиз эмас ва бу оддийгина айтиб қўйиладиган шиор эмас. 
“Манфаат” сўзини фақатгина моддий томондан тушуниш мутлақо нотўғри. Бу борада ҳам Ислом дини гўзал ва бисёр ўгитларни келтириб ўтган, уларнинг ҳаммасини санаб ўтишнинг иложи йўқ. Жумладан, йўловчининг узоғини яқин қилиш; киши қўлидаги оғир юкини олиб, унга кўмак бериш; ташвишли дилни хушнуд этиш; ҳаттоки йўл-йўлакай одамлар билан чин дилдан қилинган “салом-алик” ҳам кишиларга манфаат келтириш бўлади. 
 
Ибн Умар (розияллоҳу ан­ҳу)дан ривоят қилинади: «Бир киши Набий (соллаллоҳу  алайҳи   ва саллам)нинг  ҳузурларига   келди   ва: “Эй  Аллоҳнинг расули! Аллоҳ таолога инсонларнинг энг маҳбуби ва амалларнинг энг суюклиси қайси?” деб сўради. У зот айтдилар: “Инсонларнинг Аллоҳ таолога энг маҳбуби инсонларга манфаати тегадиганидир”... Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзларига яна қўшимча қилиб бундай дедилар: “Дўстимнинг эҳтиёжини адо этиб юришим мен учун бу масжидда, яъни Мадинаи мунавварада бир ой эътикоф ўтиришимдан яхшироқдир”» (Ибн Абу Дунё ривояти).
 
Бошқа ривоятда, “Банда биродарининг кўмагида бўлар экан, Аллоҳ таоло унинг кўмакчиси бўлади”, дейилган.  
 
Ибн Аббос (розияллоҳу ан­ҳу)дан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда: “Кимки биродарининг ҳожатини адо этиш мақсадида юрса, у иши ўн йил эътикоф ўтиришдан яхшироқдир”, дейилади (Табароний ривояти).
 
Бу кўрсатмалар моҳиятидан бир ҳақиқат аён бўлади: ўзгаларга ёрдам-манфаат бераман деган киши, аслида, ўзига ёрдам-манфаат берган бўлади. Киши ихлос ила бажарган кичик амалнинг ёхуд бир оғиз ширин сўзи сабаб ҳам жаннатига лойиқ кўрилиши мумкин. 
 
“Манфаат” тушунчаси юртимизда турлича сўзлар билан ифодаланади. Мисол учун, фойда келтириш, истифода этиш, манфаат, кўмак бериш, ёрдам, суянчиқ бўлиш ва ҳоказо. Ушбу номларга мос келадиган ҳар қандай ёрдамлар динимизда манфаат деб аталади. Манфаат сўзининг акси “зарар келтириш”, усулий фиқҳ қоидаларига кўра, ҳар қандай зарарни даф қилиш айни манфаатнинг ўзидир. Бундан маълум бўладики, кишининг кўлидан ўзгаларга манфаат бериш келмаса ҳам, сўз ёки ҳаракати билан зарарни даф қилиши айни манфаат ҳисобланади. 
 
Шундай экан, юртимизда баҳор, ерга уруғ қадаш ёки мевали, манзарали кўчатларни экишни мақсад қилганлар учун айни пайтдир. Айниқса, мусулмон киши бундай амалларни ўзгаларга, элу юртга манфаат деб билиб, уни меҳр ва ихлос билан бажаради. Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бир мусулмон кўчат ёки бир экин экса, ундан бирор қуш ёки инсон ё ҳайвон еса,  унга (мусулмонга) садақа бўлади”» (Имом Бухорий).
 
Бадриддин Айний “Умдатул қорий” асарида бу ҳадиси шарифдаги “инсон” лафзидан мақ­сад, у мусулмон ёки бошқа дин вакиллари бўлиши назарда тутилган, деб шарҳлайди. Бундан келиб чиқадики, мусулмон кишининг деҳқончилиги ёки ўз экинларидан ўзга дин вакилларини фойдалантириши ҳам савоб­дир.
 
Ҳозирда юртимизда режалаштирилаётган, амалда бажарилиши кутилаётган ҳар қандай хайрли амалларни халқ учун манфаат деб аташимиз мумкин. Мусулмон киши жамиятга яхшилик келтираётгани эвазига Яратганнинг ҳам розилигига эришади, иншоаллоҳ.
 
Аллоҳ таоло Юртимизни тинч, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон айласин!
 
Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,
Тошкент ислом институти  
“Таҳфизул Қуръон” 
кафедраси мудири, “Новза” жоме масжиди имом-хатиби