Динимизда оила бошлиғи, раҳбари ва жавобгари эркакдир. Никоҳ ақди билан аёл эрнинг амрига, таъминотига ва ҳимоясига кирган бўлади. Оила раҳбарлиги Аллоҳ таоло томонидан эркак­ларга юкланган вазифадир. Бу хусусда Қуръони каримда бундай дейилган: «Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб (эр)ларнинг муҳофазасини қилувчилардир» (Нисо, 34).
Ҳар бир диёнатли эркак оиласини таъминлашга бурчлидир. Жуфти ҳалолини едириб-ичириш, кийдириш ва бемор бўлса даволатиш ҳам вазифасидир. Бу шарафли ва масъулиятли вазифаларни адо этиш эрнинг бурчи эканини ота-оналар ўғил фарзандларига ёшлигидан тушунтириб, мисоллар билан уқтириб боришлари зарур.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оила муносабатларида эркак киши ўзини қандай тутиши кераклигини биз умматларига ўрнак бўлиб, кўрсатиб бердилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлларига нисбатан меҳрибон, кечиримли, сабр­ли ва илтифотли эдилар. Жуфту ҳалолларининг таъминотларини қилиш билан бирга, уларнинг бозор-ўчарларини ўзлари қилиб берар эдилар.
Жобир (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Банданинг тарозига биринчи қўйиладиган нарсаси, аҳли аёлига қилган нафақасидир», деганлар» (Имом Табароний ривояти).
Каъб ибн Ужра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Бир йигит Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларидан ўтди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг асҳоблари у йигитнинг сабру тоқати, ғайрату шижоатини кўриб: “Ё Расулуллоҳ, қанийди, шу йигит Аллоҳнинг йўлида бўлса!” дедилар. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар у ёш болаларининг таъминоти учун ҳаракат қилаётган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у ёши улуғ ота-онасининг хизматини адо этиш мақсадида юрган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у бошқалардан беҳожат бўлиш мақсадида юрган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у аҳли-оиласининг таъминоти учун чиққан экан, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у йигит фахру ифтихор қилиш учун молу дунё кўпайтириш мақсади билан чиққан бўлса, шайтон йўлидадир”, дедилар» (Имом Табароний).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу сўзлари билан ота-онасини, оила аъзоларини ва ўзини ўзгаларга муҳтож этмаслик учун ҳаракат қилган саҳобийни мақтадилар. Фахру ифтихор ва бойлик орттириш ҳаракатида бўлган кишини эса шайтон йўлидалигини маълум қилдилар. Афсуски, ҳозирги кунимизда баъзи йигитлар шайтон йўлини тутиб, йигитлик шаънига доғ тушириб, орияту номусни бир четга суриб қўймоқдалар. Улар оила қуришда унинг масъулияти ва таъминоти эмас, балки нафсу истакларини қондиришни кўзлаб, текинхўр, боқиманда бўлиб, яқинларини машаққатга қўймоқдалар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу каби текинхўр, масъулиятсиз, виждонсиз, ҳамиятсиз, ориятсиз, эркаклик шаънига бефарқ кимсалар ҳақида бундай деганлар: “Ким бир аёлга шарафи учун уйланса, унинг фақат хорлиги зиёда бўлади. Ким бир аёлга моли учун уйланса, унинг фақирлиги зиёда бўлади. Ким бир аёлга ҳусни жамоли учун уйланса, унинг пастлиги зиёда бўлади. Ким бир аёлга кўзини тийиш ёки номусини сақлаш ва ё қариндошлик риштасини боғлаш учун уйланса, унинг учун ўша аёлда хайру барака, у аёл учун ҳам бу эрда хайру барака бўлади” (Имом Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оила қурувчи ёшларни бахтли саодатли бўлишлари учун, аввало, йигит кишини моддий ва шаҳвоний ҳис-туйғуларга берилишдан қайтармоқдалар. Ниятни яхши қилиб, оила масъулиятини ҳис этиб, умр йўлдошни танлашда динимиз кўрсатмаларига амал қилиш зарурлигини билдирмоқдалар.
Аллоҳ таоло барча йигитларни эркаклик шаънини улуғлагувчи, ғайратли, имонли, комил ва масъулиятни ҳис этувчилардан қилсин. Ҳамда юртимиздаги ҳар бир оиланинг бахтли-саодатли ҳаёт кечириб, қўша қариб юришларини насиб этсин. Омин.
 
Мўминжон САЙДАЛИЕВ,
Тошкентдаги “Хўтан” жоме 
масжиди имом-хатиби