Тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодатга тўла онлар

 

Юртбошимизнинг матбуотда эълон қилинган «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарорини халқимиз мамнуният билан кутиб олди. Миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида қабул қилинган бу қарор биз учун муборак Рамазон туҳфаси бўлди. Халқимиз учун меҳр-шафқат саховат, мурувват, сабр-қаноат ва шукроналик рамзи бўлган Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимизда тутган ўрни беқиёсдир. Ана шу қутлуғ ойда мўмин-мусулмонлар Аллоҳга тақво қилиб, Рамазон рўзасини тутадилар. Маълумки, инсонни икки дунё саодатига эриштирадиган омил тақводир.

Тақво динимизда энг кўп мақталган инсоний фазилатлардандир. Арабча "тақво" сўзи "сақланиш", "қўрқиш", "парҳезкорлик" маъноларини билдириб, тақво – Аллоҳ таолодан қўрқиш ва Унга бўйсунишнинг энг олий даражаси. Бунда банда доимо Яратганнинг буйруғи ва қайтариғи доирасида юришга ҳаракат қилади. Тақво руҳий ҳолат бўлиб, қалбга боғлиқ; у Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини дои­мо сезишдан туғилади.

Инсон чиройли кийиниши, яхши масканларга, кўркам уловларга эга бўлиши мумкин, аммо буларнинг Аллоҳ ҳузурида асло аҳамияти йўқ. Банданинг Аллоҳ ҳузуридаги эътибори унинг тақводорлиги билан ўлчанади. Аллоҳ таоло: "Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукар­рамроғи­нгиз тақводорроғин­гиздир", деган (Ҳужурот, 13). Қуръони каримда яна бундай марҳамат қилинади: "Эй Одам болалари, авратларингизни яширадиган либос ва зийнатларни туширдик. Тақво либоси ҳаммасидан яхшидир. Бу нарсалар эсда тутишларингиз учун Аллоҳнинг ҳужжатларидир" (Аъроф, 26).

Ушбу оят мазмунидан англашиладики, ким Аллоҳ амрларидан чекиниб, қайтариқларини инкор этиб шайтон ва нафс алдовига учса, кийимсиз, бамисоли яланғоч одам ҳолатига тушади. Бундайлар ҳеч нарсадан уялмайдиган, орланмайдиган бўлиб қолади. Уят, инсоф, ор йўқолса, одам инсонликдан чиқади, илоҳий раҳмат ва мағфиратдан бенасиб қолади, унинг бошқа махлуқлардан фарқи бўлмайди.

Шайтон фитнасидан қутулиш йўли эса фақат тақводир: "Тақво либоси ҳаммасидан яхшидир". Ким Аллоҳдан қўрқса, Унинг амр-фармонларига итоатда бўлса, Уни ирфон орқали таниса, ихлос ва муҳаббат ила сева олса, авратини, яъни гуноҳларини тўсувчи энг яхши либос эгаси бўлади. Бундайларнинг мукофоти эса жаннат боғларидир.

Талқ ибн Ҳабиб тақвони бундай таърифлаганлар: "Тақво – Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб, Унга тоат қилиш ва Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, қайтарган ишларидан қайтишдир".

Ҳазрат Умардан (розияллоҳу анҳу) "Тақво нима?" деб сўралганида: Араблар тиканзор майдондан яланг оёқ бўлиб, тикандан сақланиб ўтиб кетишини тақво деб аташади, деб жавоб қилганлар. Ҳаётда гуноҳ ишлар ҳам худди тиканларга ўхшайди, ким улардан эҳтиёт бўлмаса, озор чекади, улардан сақланиб юрган киши Аллоҳ таолодан қўрқувчи (тақволи) бўлади. Оқибатда Аллоҳ таолодан қўрқиш инсон қалбидаги ҳолатга айланади. Бу ҳолат қалбни ҳассос қилиб, ҳар доим Аллоҳ тао­лодан қўрқиш сезгиси билан яшайдиган қилиб қўяди.

Имом Аҳмад Мужоҳиддан келтирган ривоятда ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): "Гуноҳ ишни хоҳламайдиган ва қилмайдиган одам афзалми ёки хоҳлаб туриб қилмайдиган одам афзалми?" деган саволга: "Албатта, гуноҳни хоҳлаб туриб қилмайдиган афзал, ана ўшалар Аллоҳ таоло қалбларини поклаган, тақво билан безаган зотлардир", деб жавоб берган эканлар. Худди шу маънони Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисдан ҳам тушуниб оламиз: "Қалблар бир-бир фитналарга учратилади. Қайси қалб уларни қабул қилса, уларга қора доғ тушади, қайси қалб инкор қилса, оқ доғ тушади. Охири қалблар икки хил бўлиб қолади. Бир хили Сафо сингари оппоқ бўлиб, осмонлару ер бор экан, унга фитна зарар қила олмайди. Иккинчиси қоп-қора бўлиб, бундай қалб эгаси яхшиликни билмайди, ёмонликдан қайтмайди, ҳавойи нафси буюрганидан бошқани қилмайди".

Аллоҳ таолодан қўрқиш ҳисси – тақво ҳисси бўлмас экан, одамларни ёмонликдан сақлаб туриб бўлмайди. Аллоҳ таолодан қўрқиш бўлса, у ўзига ўзи қўриқчи ва кузатувчи бўлади, ҳеч бир ёмонликка қўл урмайди ёки қўл урмасликка ҳаракат қилади. Тақволи киши Унинг ҳимоясида эканини сезиб, хотиржам юради, Унинг ғазабига сабаб бўлувчи ишлар содир этишдан қўрқади, ҳушёр тортади.

Аллоҳ таолодан қўрқиш гуноҳ ишларни тарк этиш ва савоб ишларни кўплаб қилиш билан содир бўлади. Айрим кишиларда тақво тўғрисида хато тушунча бор. Улар тақво деганда тарки дунё қилиб, қоронғи хонага кириб, зикру ибодат билан маш­ғул бўлишни тушунадилар. Оламлар Парвардигорининг:

"Аллоҳ таолога ҳақиқий тақво ила тақво қилинг" (Оли Имрон, 102) амрини Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) "Аллоҳ таолога итоат этиб, исён этмаслик, Уни эслаш ва унутмаслик, Унга доимо шукр қилиб, куфр кетмаслик" деб таърифлаганлар.

Аллоҳ таоло кимлар тақводор бўлишининг баёнини ҳам Ўзининг Китобида зикр этган. Аллоҳдан қўрқувчи тақволилар: 1. Ғайбга имон келтирадилар. 2. Намозни тўкис ўқийдилар. 3. Аллоҳ берган ризқдан эҳсон-на­­фақа қиладилар. 4. Қуръони каримга ва ундан олдинги самовий китобларга имон келтирадилар. 5. Охиратга аниқ ишонадилар (Бақара, 3–4).

Тақводор мўмин-мусулмон одам унинг қўлидаги мол-дунё Аллоҳ таоло берган ризқ эканини билади. Шунинг учун ҳам тақводор инсон Аллоҳ таоло берган ризқдан ўзининг заифҳол, муҳтож биродарларига закот, хайр-эҳсон, садақа тарзида нафақа қилади.

Суфён Саврийдан (раҳимаҳуллоҳ) ривоят қилинади: "Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: "Мени шундай нарсага буюрингки, сиздан кейин у ҳақда бошқа одамдан сўрамай", деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Аллоҳга имон келтирдим", де, сўнг истиқоматда бўл", дедилар. У: "Нимадан тақво қилай?" деб сўради. У зот (алайҳиссалом) тилларига ишора қилдилар" (Имом Аҳмад ва Насоий).

Абу Зарр Ғифорийдан (розиял­лоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Набий (алайҳиссалом): "Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил (яъни Ундан қўрқ). Ёмонлик ортидан яхшилик қил, чунки уни ювади. Одамларга чиройли хулқ билан муомала қил", деганлар (Имом Аҳмад).

Тақвонинг, яъни Аллоҳдан қўрқишнинг фазилати ҳақида саҳобийлар, тобеинлар ва донишмандларнинг жуда кўп фикр­лари бор:

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) айтадилар: "Ким Аллоҳдан қўрқса (тақво қилса), Аллоҳ уни сақлайди. Ким Аллоҳдан умид қилса, Аллоҳ уни ноумид қилмайди. Ким Аллоҳ йўлида эҳсон қилса, Аллоҳ унинг ўрнини тўлдиради. Шунинг учун тақвони қалбинг таянчи, дийданг жилоси қил! Зеро, ниятсизнинг амали, эзгусизнинг ажри бўлмас!"

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандийнинг тақво ҳақидаги сўзларига қулоқ солинг: "Аллоҳдан қўрқишнинг аломати етти нарсада аён бўлади: тилида – яъни, тилини ёлғондан, ғийбатдан, ортиқча сўзлардан тияди, Аллоҳнинг зикри, Қуръон тиловати, илмий музокаралар билан машғул қилади; қорнида – яъни, фақат ҳалол нарсани ва ҳожати миқдорича ейди; кўзида – яъни, ҳаромга боқмайди, дунёга рағбат назари билан эмас, ибрат назари ила қарайди; қўлида – яъни, уни ҳаромга чўзмайди, Аллоҳ тоатидаги ишларга узатади; оёғида – яъни, Аллоҳ гуноҳ, деган ишларга юрмайди; қалбида – яъни, ундан биродарига душманлик, ғазаб, ҳасад каби иллатларни чиқариб ташлайди ва уларга нисбатан меҳр-шаф­қат уйғотади; тоатда – яъни, тоати Аллоҳ йўлида холис бўлади, риё ва нифоқдан сақланади".

"Тақво ва парҳезкорлик ҳалол емакдан бўлур. Парҳезкорлик – ҳарому макруҳ нарсалардан ўзни сақламоқликдир", деган Абу Ҳафс.

Рамазон ойининг тоат-ибодатга, қут-баракага, бахт-саодатга лиммо-лим бўлган шукуҳли онларида Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг тақволи бандаларидан айласин, Аллоҳдан қўрқиш, У ҳаром қилган нарсалардан парҳез қилиш орқали икки дунё саодатини қўлга киритишимизни насиб этсин.